Аввал хабар берганимиздек, 5 июнь куни футбол бўйича Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг учта гуруҳида 9-тур учрашувлари бўлиб ўтади.
Унда БАА – Ўзбекистон, Қатар – Эрон, КХДР – Қирғизистон, Кувайт – Фаластин, Ўмон – Иордания, Ироқ – Жанубий Корея, Австралия – Япония, Баҳрайн – Саудия Арабистони, Индонезия – Хитой терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Мазкур тур Ўзбекистон терма жамоаси каби бир қатор бошқа термалар учун муддатидан аввал Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш имконини беради.

Шу ўринда 8-тур якунларига кўра, айни дамда “А”, “B” ва “С” гуруҳларидаги вазият ҳақида тўхталиб ўтишни лозим кўрдик.
Демак, “А” гуруҳида Эрон 20 очко жамғариб, биринчи ўринда бормоқда ва ушбу терма жамоа муддатидан аввал Жаҳон чемпионатига йўл олган. Гуруҳдаги қолган икки тур учрашувларини шунчаки расмиятчилик учун ўтказади. Ўзбекистон термаси эса 17 очко жамғариб, иккинчи поғонада турибди. БАА эса 13 очко билан учинчи ўринга жойлашган бўлса, Қатар термаси 10 очко билан, Қирғизистон эса 6 очко билан 4-5-ўринларда қолмоқда. КХДР ҳамон 2 очко билан сўнгги поғонада бормоқда.

Шу ўринда мазкур гуруҳдаги вазиятга эътибор қаратамиз. Ўзбекистон миллий терма жамоаси 9-турда БАА билан сафарда ўйин ўтказади. 5 июнь куни ўтиши режалаштирилган ўйинда ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба ёки дуранг футболчиларимизни Жаҳон чемпионатига олиб чиқади.
Агар мағлуб бўлсак, БАА термаси орадаги фарқни 3 тага қисқартиради. Бунинг натижасида ҳар икки терма жамоа учун мундиалга тўғридан-тўғри чиқиш йўлланмаси сўнгги турда ҳал бўлади. Аниқроғи, 10 июнь куни Қатарга қарши Тошкентда ўтадиган ўйинда футболчиларимиз албатта ғалаба қозониши лозим бўлади. БАА эса ўша куни сафарда Қирғизистон билан рақобатлашади.
Ишонамизки, БАА термасига қарши ўтадиган ўйин ижобий ҳал этилади ва футболимиз тарихида яна бир қувончли натижа зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.

“B” гуруҳида Жанубий Корея термаси 16 очко жамғариб, гуруҳда етакчилик қилмоқда. Иордания 13 очко билан иккинчи, Ироқ эса 12 очко тўплаган ҳолда кучли учликни якунлаб бермоқда. Ўмон термаси 10 очкога эга бўлган ҳолда ҳамон Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини сақлаб қолган бўлса, Фаластин 6 очко билан плей-офф йўлланмаси учун курашмоқда. Ўтган 8 турда бор-йўғи 5 очкога эга бўлган Кувайт аутсайдер бўлиб турибди.
Бу гуруҳнинг 9-турида Жанубий Корея ва Иордания сафардаги ўйинда ғалаба қозона олса, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Саралашнинг “С” гуруҳида 9-тур олдидан Япония йигирма очкони қўлга киритди ва саралаш баҳслари якунига қадар биринчи ўринни мустаҳкамлаб олди. 13 очко билан иккинчи ўринда бораётган Австралия термасини Саудия Арабистони 10 очко билан таъқиб қилмоқда. Улар ортидан Индонезия 9 очко билан одимлаётган бўлса, Баҳрайн ва Хитой 6 очко билан 5-6 ўринлардан жой олган. Катта эҳтимол билан ушбу гуруҳнинг иккинчи поғонаси учун кураш 10-тур якунига қадар давом этади. Ҳозирги вазиятга кўра, ҳаттоки Индонезияда ҳам ушбу ўринни эгаллаш имконияти сақланиб турибди.
2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида бўлиб ўтади. Ҳозирда ушбу мундиалда иштирок этадиган еттита жамоа номи аниқланди. Жумладан, АҚШ, Канада, Мексика мезбон сифатида иштирок этиши барчага маълум бўлган. Саралаш баҳсларидан эса Япония, Янги Зеландия, Эрон ва Аргентина дунё биринчилигига муддатидан аввал йўл олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА