Жазони ижро этиш соҳаси ходимлари малака оширди
Тошкентда 26 ноябрь куни “Жазони ижро этиш тизими фаолияти: халқаро стандартлар ҳамда хорижий ва миллий тажриба” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари ва Омбудсман котибияти ходимлари учун ташкил этилди.
Анжуманда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, БМТ Демократия жамғармаси ва Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари онлайн тарзда иштирок этди.
Семинарда жазони ижро этиш муассасалари раҳбарлари ва ходимлари фаолиятига оид халқаро стандартлар, соҳадаги илғор хорижий тажриба ҳақида, бундай муассасаларда менежмент ва сервис дастурлари ташкил этиш юзасидан маълумот берилди.
Мулоқот иштирокчиларига жазони ижро этиш тизимида ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазо ўтаётган маҳкумларга илк бор сайлов ҳуқуқи берилиши, маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги, пенсия таъминотига эга бўлиши белгиланиши, маҳкумлар учун телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар сони қарийб икки баравар кўпайтирилиши, қолаверса, озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сезиларли ижобий ўзгаришлар юз берганидан далолат.
Семинар қатнашчилари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида амалга оширилаётган ишлар, жазони ижро этиш муассасаларига амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари тўғрисида ҳам батафсил маълумот олди.
Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида Омбудсман ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи эксперт гуруҳи томонидан тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа манзилларда жами 68 марта мониторинг ўтказилди. Тергов ҳибсхонаси ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги 3700 дан зиёд шахс билан жамоавий учрашув ташкил этилди, 534 киши билан якка тартибда суҳбатлашилди.
Эътиборга молик жиҳати, мониторинг гуруҳи таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Ўқув семинари давомида мутахассис ва экспертлар иштирокчиларнинг билимларини амалиётда қўллаш билан боғлиқ, шунингдек, соҳага тааллуқли бошқа саволларига жавоб қайтарди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА