Жазоирда даҳшатли ўрмон ёнғини
Жазоирнинг шимолий ва шимоли-шарқий ҳудудини қамраб олган кенг кўламли ўрмон ёнғини оқибатида камида олти киши бевақт ҳаётдан кўз юмди, юзга яқин фуқаро турли даражада жароҳат олди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги офатдан жабр кўрган 100 дан зиёд одам шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берди. Айни пайт уларнинг саломатлиги барқарор баҳоланмоқда.
Фуқаро мудофааси хизмати маълумотига кўра, ҳудудда 1500 дан кўп кучли олов ўчоғи қайд этилган. Ёнғин бепоён ўрмонзор, пальмазор ва экин майдонларини куйдириб, кул қилган. Шунингдек, аҳолиси зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилган 150 дан ортиқ хонадонга жиддий зарар етган.
Қутқарувчилар таъкидлашича, ҳарорат 35 даражадан юқорилиги, кучли шамол эсаётгани оловни ўчириш ва жиловлашни сезиларли даражада қийинлаштирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА