Навоий шаҳрида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “Жажжи нурли юлдузлар” фестивалининг вилоят босқичи ўтказилди.
Фестивалнинг туман ва шаҳар босқичида давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган 758 нафар болажон иштирок этди.


4 та йўналиш бўйича баҳслашиб, ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар вилоят босқичида ўзаро куч синашди.


Фестивалнинг вилоят босқичида иштирок этган болажонларнинг рақс, қўшиқ, эртак ва миллий куйлар йўналишидаги чиқишлари томошабинлар эътирофига сазовор бўлди. Ҳар бир иштирокчи саҳнадаги ишонч, эстетик кўриниш ва ижодий чиқишлари билан ёдда қолди.




Якуний натижаларга кўра, “Сеҳрли ҳаракат” номинациясида Навбаҳор туманидаги 4-ДМТТ тарбияланувчиси Шаҳригул Орифбоева, “Аждодлар мероси” (жамоавий) номинациясида Нурота туманидаги 13-сон ДМТТ жамоаси, “Жажжи хонанда” номинациясида Навоий шаҳридаги 29-ДМТТ тарбияланувчиси Алижон Аминов ва “Мўъжизавий куйлар” номинациясида Зарафшон шаҳридаги 8-ДМТТ тарбияланувчиси Меҳриддин Мирпўлатов ғолиб деб топилди ва фестивалнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА