Аҳмад ал-Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази зиёли, илм толиби ва ёшларнинг севимли жойидир. У Ўзбекистонда етакчи кутубхоналардан бири ҳисобланади. Кутубхона дунёдаги 50дан ортиқ тилда ва турли ахборот ташувчилардаги 350 минг нусхага яқин универсал жамғармага эга. Кутубхонада замонавий компьютер технологияларидан фойдаланиб 700 мингдан ортиқ китобхонга хизмат кўрсатувчи 14 таркибий хизматлар фаолият юритади. Тартиблашдан тортиб то китоб беришгача бўлган барча жараёнлари автомалаштирилган.
Мазкур кутубхона биноси 1970 йилда қурилган бўлсада унинг ўз тарихи бор.
—Кутубхонамизга рус губернатори Скоблев томонидан асос солинган бўлиб, дастлаб вилоят ўлкашунослик музейи тасарруфида очилган, — дейди директор ўринбосари Лолахон Ботирова. —1899 йилда 879 та китобга эга бўлган ва кутубхонадан фақат зодагонлар фойдаланишига рухсат берилган.

Шунинг учун ҳам Фарғона кутубхонасида ўтган асрлардаги эски рус ёзувидаги нодир китобларни кўплаб учратасиз ва мамлакат тадқиқотчилари учун улар ғоят қимматли манбаа ҳамдир.
Бугунга келиб кутубхона фойдаланувчилари сони 22 мингдан ошди.
Замон, технологиялар билан бирга хизмат сифати ҳам ўзгарди. Бугун энди республика бўйича йиғма электрон каталог иш фаолияти йўлга қўйилди.

—Республика, вилоят, шаҳар-туман кутубхоналари бор фондини битта базага йиғиб беряпти. Китобхон уйда ўтириб сайтимиз орқали ўша китоб бор-йўқлигини билади. Фондимизда йўқ китобларни бошқа кутубхоналардан шу тизим орқали олиб ўқиши мумкин, — дейди Лолахон Ботирова.

Кутубхона — бу фойдаланувчилар учун барча қулай шароитлар яратилган таълим ва мулоқот маркази, турли инсонлар учрашадиган жойга айланган. Кутубхонада доимий равишда китоб ва мутолаани тарғиб қилувчи турли тадбирлар ўтказиб борилади, акция, машҳур кишилар билан учрашувлар, бадиий кечалар, турли-туман кўргазмалар шулар жумласидандир.


Масалан, куни кеча фарғоналик 42 нафар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг асар намуналарини ўз ичига олган “Фарғона ойдинлари” тўплами тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шоир-ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари бўлган китобхонлар фаол иштирок этдилар.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/9dbgcUDopHA" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон ОБИДОВ.
Тасвирчи Элёр ОЛИМОВ.