Жасурбек танловнинг мамлакат босқичида қатнашади
Андижонда "Фидойи ёшлар етакчиси" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов очилишида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда илм-фан, спорт, санъат, умуман, ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш, улардаги фаоллик, етакчилик фазилатларини юксалтириш учун зарур шароитлар яратиб берилаётгани таъкидланди.
Маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашишларига кўмаклашиш, уларнинг илғор иш услубларини оммалаштириш, фаол етакчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган танловда унинг туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар маҳалла ёшлари етакчиси иштирок этиб, белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, Қўрғонтепа туманидаги Учқун маҳалла фуқаролар йиғинининг Ёшлар етакчиси Жасурбек Абдуғофуров энг кўп балл жамғариб, танлов ғолиби, деб топилди.
[gallery-8255]
- Фаолиятимда маҳалладаги ҳар бир ёш билан уларнинг қизиқишидан, қарашларидан келиб чиқиб иш олиб бораман, - дейди танлов ғолиби Жасурбек Абдуғофуров. – Маҳаллада олиб бораётган ишларим ижобий баҳоланиб, танлов ғолиби бўлганимдан хурсандман. Бу менга катта масъулият юклайди, куч ва шижоат беради. Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.
Танловда иккинчи ўрин Марҳамат туманидаги Алитепа маҳалласи ёшлар етакчиси Муҳаммадюсуф Абдуғаниевга, учинчи ўрин эса Олтинкўл туманидаги Миробод маҳалласи ёшлар етакчиси Ҳусанбой Убайдуллаевга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА