Жасорат мактабининг янги мавсуми бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги “Термиз” умумқўшин дала полигонида жойлашган ҳарбий қисмда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги маҳаллар, жумладан, гарнизондаги ҳарбий қисм ва муассасаларга бириктирилган 100 нафар ёш учун навбатдаги 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув йиғинига старт берилди.
Йиғин иштирокчилари белгиланган кун тартиби асосида ташкил этилган машғулотларда илк ҳарбий кўникмаларга эга бўлади ҳамда касб-ҳунарга йўналтирилади.
[gallery-20846]
Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўмондонлик, Ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу йиғиннинг иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди ҳамда тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга ҳарбий либослар тарқатилди.
Йиғиннинг тантанали очилиш маросимида қўмондонлик ҳамда вилоятнинг мутасадди ташкилот раҳбарлари, фахрийлар сўзга чиқиб, ушбу йиғин ёшларга кўп имкониятлар яратиши ҳақида сўзлаб, ундан оқилона фойдаланиш лозимлигини уқтирди. Иштирокчиларга улкан муваффаққиятлар тиланди.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини шакллантириш, садоқат тушунчаларини тарбиялаш мақсадига қаратилган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг жорий мавсумида 100 нафар банд бўлмаган (оталиққа олинган, жиноят қилишга мойиллиги бўлган, профилактик ҳисобда турувчи) ёшга 15 дан ортиқ касб-ҳунар ўргатилиши режалаштирилган. Хусусан, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўқув йиғини дастури ишлаб чиқилган бўлиб, ёшлар билан ҳарбий, маънавий-маърифий тайёргарлик, IT-технологиялари, тадбиркорлик, касб-ҳунар, автосервис хизмати, сантехник ва чилангарлик, умумқурилиш ишларини ўрганиш бўйича машғулотлар ташкил этилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА