“Жасорат мактаби” навбатдаги ўқувчиларини кузатди
Тошкент вилоятида профилактик ҳисобда турган ёшлар учун 10 кунлик "Жасорат мактаби" ўқув йиғинига якунига етди. Шу муносабат билан ёшлар Ангрен умумқўшин тоғ полигонига олиб борилди. Улар ҳарбий формалари ва жой билан таъминланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил мазкур ўқув йиғинларини самарали ўтказиш мақсадида, вилоятнинг 22 та шаҳар ва туманларидаги профилактик ҳисобда турган, муқим иш жойига эга бўлмаган жами 100 нафар ёшлар иштирокида ўтказилганлиги ҳам йиғиннинг долзарблигини кўрсатмоқда.


Маросимда сўз олганлар ўқув йиғини иштирокчиларини самимий табриклади табриклади.
– Ўн кунлик "Жасорат мактаби" ҳарбий-ўқув йиғини давомида ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ва касбга йўналтириш борасида ўз соҳасининг малакали мутахассислари ва ҳарбий хизматчилар томонидан билим ва кўникмалар берилди, – дейди янгийўлик Самандар Умаров. – Шунингдек, 33 миллион кредит олиб, тадбиркорлик қилишим учун махсус сертификат ҳам топширилди. Уйга бориб чорвачилик билан шуғулланмоқчиман.


– Катта ўғлим ҳам ҳарбий хизматга бориб келган, – дейди олмалиқлик Гули Аҳмедова. – Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, олий ўқув юртида ўқишни давом эттирди. Кенжатойим Баҳодир ҳам болалигидан ҳарбий бўлишни ният қилган. Ушбу ўқув йиғинидан сўнг бир йиллик ҳарбий хизматга бормоқчи. Бугун уни ҳарбий либосда кўриб роса ҳаяжонландим, кўзимдаги ёшлар қувончимдан.
Тадбирда қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар, концерт дастури намойиш этилди.
А.Мусаев,ЎзА.