Жарроҳлик ускуналари фақат қоғозда “харид қилинган”
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган ўрганишда вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, мазкур тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан “E.M.S.” масъулияти чекланган жамиятидан 245,2 миллион сўмга Германия давлатида ишлаб чиқарилган “Эскулап” моделдаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.
Товар етказиб берувчи масъулияти чекланган жамият томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобвараққа кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари тиббиёт марказига етказилгани ҳужжатда расмийлаштирилган.
Бироқ, ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски, яъни 1994 йилда Россиядаги “Волжский УТЁС”да ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда эканлиги аниқланди.
Тиббиёт марказининг масъул шифокор ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар талабга жавоб бермаслиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида 2022 йил 19 февралда билдиришнома билан мурожаат қилган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, юқорида қайд этилган ва қўшимча бошқа ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура органлари томонидан Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА