Юқори Чирчиқ туманида илк бор замонавий усулда қизилўнгач диафрагмал чуррасини лапароскопик йўл билан бартараф этиш операцияси муваффақиятли бажарилди. Мураккаб жарроҳлик амалиёти Республиканинг Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари, туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳлари ҳамда малакали анестезиологлар ҳамкорлигида амалга оширилди.
Операция жараёнида замонавий “Ligasure Covidien FT 10” аппаратидан фойдаланилди. Бу эса жарроҳлик ишини юқори аниқлик билан олиб бориш ва бемор соғлиғини хавфсиз таъминлаш имконини берди. Ҳудудда амалга оширилган ушбу жарроҳлик амалиёти нафақат маҳаллий соҳа мутахассислари учун, балки аҳолини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди.



Жорий йил бошидан буён Тошкент вилояти шифокорлари томонидан 5 минг 677 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Хусусан, бунгача юқори технологик ташхислаш ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш бўйича Ангрен шаҳрида буйрак кўчириб ўтказиш муваффақиятли амалга оширилди. Бекобод туманида ҳам республикада илк маротаба катталарда Аортал коранар шунтлаш амалиёти ва болаларда юракдаги туғма нуқсон 3 нафарида ёпиқ ва 1 нафарида очиқ усулда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб беморлар соғлом ҳаётга қайтарилди.


Умуман олганда, бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттирган ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш соҳа мутасаддилари олдидаги муҳим вазифа бўлмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.