“Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказилишининг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодекси 2061-моддасининг сакциясида белгиланган жарима миқдорининг оширилиши назарда тутилмоқда. Чунки тазйиқ ва зўравонликдан жабрлаган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи, уларга тазйиқ ўтказаётган ёки зўравонлик содир этаётган шахсларга нисбатан таъсир ўтказиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳимоя ордери берилишига қарамасдан, бундай ҳолатлар сони камаймаяпти.
Масалан, 2020 йилда хотин-қизларга 14 774 та ҳимоя ордери берилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 39 343 тани ташкил этди. Ҳимоя ордери талабларини бажармаслик бўйича эса 1 210 та ҳолат аниқланди. Шу боис, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳимоя ордери талабларини бажармаслик ҳолатлари бўйича жавобгарликни янада кучайтириш зарурати юзага келди.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Фракция аъзоси Алишер Ҳамроев қонун лойиҳасига муносабат билдириб, жаримани ошириш билан бундай ҳолатларни камайтириб бўлмаслигини таъкидлади:
- Жаримадан бутун оила бюджети зарар кўради ва бу оилавий муҳитни баттар издан чиқаради. Шунинг учун аёлига қўл кўтарадиган эркакларни жазолашнинг бошқа йўлини топиш керак - деди депутат.
Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.
– Қадриятларимизда бу муаммога ечим бор. Оилада эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам масъулияти бор. Эр-хотин оилада бир-бирини ҳурмат қилса, ҳимоя ордерига зарурат ҳам қолмайди. Жазолаш билан оилани сақлаб қолиб бўлмайди, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.
Депутатлар якдил фикрга келди: жариманинг оширилиши муаммога ечим эмас. Иккинчи ўқишда жарима миқдори бўйича албатта, таклифлар билдирилади.
М.Комилова, ЎзА