Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги “Чинобод” маҳалласида яшовчи фуқаро С.Қодировга тегишли бўлган “Мерседец-Бенц” русумли автоулови маълум сабабларга кўра, туман ИИБ томонидан “Бек Сардор Хатирчи” хусусий корхонасига қарашли жарима майдонига қўйилган эди.
Фуқаро барча тўлов ва расмиятчиликларни амалга ошириб автоуловини жарима майдончасидан чиқариш учун келганида автомашинанинг 9 миллион 800 минг сўм қийматига эга автодискалари алмаштирилганлиги ҳамда автомашина жарима майдонида ёмон ҳолатда сақланганлиги маълум бўлади.
Бу ҳолатлардан норози бўлган фуқаро истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилаётганлиги ва бу борада амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Олиб борилган ўрганишлар жараёнида истеъмолчининг норозиликлари ўз тасдиғини топди. Кузатув камераларидаги ёзувлардан автодискаларни автомашинанинг собиқ эгаси алдов йўли билан алмаштириб кетганлиги ва ҳақиқатда ҳам жарима майдончасида автомобиль ёмон ҳолатда сақланганлиги маълум бўлди.
Хатирчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимларининг аралашуви билан қимматбаҳо автодискалар эгасига қайтарилди ва автомашинага техник хизмат кўрсатиди.
Абдували Бўриев, ЎзА