Хоразм вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида ҳам “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида сўнгги қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди.
Ўқувчи-ёшларнинг қадрдон мактаблари билан хайрлашув маросимларида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, нуронийлар, таълим муассасалари битирувчилари қатнашди.
Жорий йилда вилоятдаги мавжуд 555 та умумтаълим мактабининг 9-синфини 34 591 нафар, 11-синфини 28 262 нафар ўқувчи тугатмоқда.
Урганч шаҳридаги 22-сон умумтаълим мактабида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов қатнашиб, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари битирувчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
[gallery-23559]
Жорий ўқув йилида вилоятда халқ таълими соҳасида эришилган ютуқларга тўхталиб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган йигит-қизларнинг келгуси ўқиш ва ишларида омад тилади.
Тадбир якунида ўқув йилида юқори натижаларга эришган устозлар ва фаол ота-оналар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Мактаб узра жаранглаган сўнгги қўнғироқ садолари ўғил-қизларни янги мақсадлар ва юксак орзулар сари дадил қадам ташлашга ундади.
Сўнг аъло баҳоларга ўқиган, иқтидорли ва фаол ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди.
Шунингдек, ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА