Жанубий Кореяда криптобиржалар фаолияти текширувга олинди
Жанубий Кореянинг йирик криптобиржаси - “Bithumb” бош директори Ли Жей Вон компания томонидан 60 триллион вон (41,2 млрд АҚШ доллар) миқдоридаги биткоин фойдаланувчилар ҳисобига тасодифан ўтказиб юборилгани учун парламентда расман узр сўради. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги ёзмоқда.
Таъкидланишича, реклама акцияси вақтида балансдаги реал миқдордан кўпроқ токен англашилмовчилик туфайли тарқатиб юборилган бўлиши мумкин. Хато 40 дақиқа ичида тузатилган бўлсада, шу вақт оралиғида айрим фойдаланувчилар токенларни сотишга ҳам улгурган. Натижада платформада биткоин нархи қисқа муддатга пасайиб кетган.

Компания маълумотига кўра, 1 788 дона биткоин сотиб юборилган ва умумий зарар қарийб 1 миллиард вонни ташкил этади. Айниқса, криптовалюта кредит хизматидан фойдаланган 30 га яқин мижоз мажбурий ликвидацияга учраган.
“Bithumb” раҳбари барча зарар кўрган фойдаланувчиларга компенсация тўланишива шикоятлар асосида ёрдам кўлами кенгайтирилишини билдирди.
Молиявий назорат органлари эса бу воқеадан сўнг бошқа криптобиржаларда ҳам текширув бошлади. Расмийлар крипто-платформаларнинг ички назорат тизими банклар даражасига тенглаштирилишини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА