Жанубий Корея собиқ Президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи акция курсини манипуляция қилиш ва пора олиш каби қатор айбловлар билан қўлга олинди.
Ким Сеулдаги тўрт соатлик суд тингловида айбловни тўлиқ инкор қилди, аммо суд далилларни йўқ қилиш эҳтимоли сабаб, уни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу мамлакат тарихида собиқ етакчи ва собиқ биринчи хоним бир вақтда ҳибсда қолаётган илк ҳолат.
Прокурорлар маълумотига кўра, 52 ёшли Ким “Deutsch Motors” компанияси акциясини сунъий равишда ошириш амалиётида қатнашиб, 800 миллион вон - тахминан 578 000 доллар фойда кўрган. Бу ҳолат турмуш ўртоғи мамлакат раҳбари этиб сайланишидан олдин юз берган бўлса-да, президентлик даврида ҳам сиёсий соя ўз вазифасини бажаришда давом этгани айтилади.
Шунингдек, Ким Бирлашиш черковидан бизнес имтиёзи эвазига икки дона “Chanel” сумкаси ва олмос маржонни пора сифатида олишда гумонланган. Бундан ташқари 2022 йилги қўшимча парламент сайлови ҳамда ўтган йилги умумий сайловда номзод кўрсатиш жараёнига ноқонуний аралашгани ҳам айблов факти сифатида илгари сурилган.
– Ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган оддий инсон бўлсам ҳам, муаммо келтириб чиқарганим учун чин дилдан узр сўрайман, – дея изоҳ берган маҳкума.
Юн раҳбарлиги даврида парламент мухолифати Кимга оид айбловни текшириш учун махсус терговчи тайинлашга уч бор уринган.
Июнда Ёлнинг сиёсий рақиби Ли Чжэ Мён Президент бўлгач, Кимга қарши махсус тергов расман иш бошлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА