Жанубий Африкада болалар нобуд бўлди
ЎзА аввалроқ Жанубий Африка Республикаси шимоли-шарқидаги Квазулу-Наталь провинциясида юз берган сув тошқини оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Улар орасида 57 нафар вояга етмаган бола қайд этилган, беш нафар норасида ҳозирча бедарак. Бу ҳақда маҳаллий “Eyewitness News” радиоси мамлакат бошланғич таълим вазирлиги маълумотига таяниб хабар берди.
— Табиий офат 630 мактабга бевосита таъсир кўрсатди, 124 ўқув маскани жиддий зарар кўрган, — деди вазирлик вакили Элижу Мланга.
Квазулу-Наталь ҳукумати раҳбари Силе Зикалала тошқин қурбонлари 443 киши экани, 63 одамнинг тақдири ҳали номаълумлигини айтди.
Энг кўп ўлим ҳолати Ҳинд океани қирғоғида жойлашган Дурбан метрополида содир бўлди.
Антарктидадан келаётган совуқ ҳаво оқими таъсирида 8 апрелдан буён Жанубий Африкада циклон айланиб юрибди. Айниқса, Квазулу-Наталь аҳолиси ва ҳудуди жиддий талофатга дуч келди. Провинцияда 4000 маъмурий ва турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлган, 20 мингдан зиёд киши сезиларли зарар кўрган.
Кўплаб автомобил ва темир йўл тизими сув остида қолган, ўнлаб кўприклар вайрон бўлган. Аксарият ҳудудларда электр энергияси, уяли алоқа ва ичимлик суви етишмаяпти. Юзлаб мактаб, дўкон ва банк филиаллари ёпилган.