Сурхондарё вилоятида “Жадидлар изидан” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Ангор туманида ўтказилган танловда умумий ўрта таълим мактабларининг 6-8 синф ва 9-10 синф ўқувчилари учта шарт бўйича жадид боболарининг ҳаёти ва ижодига оид билимларини синовдан ўтказди.


Ёш авлоднинг мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, уларни китобхонликка жалб этиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган танлов ўз даврида миллатимизни уйғотиб, тараққиёт, маърифат ва маънавий юксакликка чорлаган жадидчилик ҳаракатини янада чуқурроқ ўрганишга, уларнинг ҳаёти, мероси ва жасоратидан ибрат олишга ундамоқда.


Танлов якунида 6-7-8 синф ўқувчилари йўналиши бўйича 31-мактаб ўқувчиси Чарос Бозорова, 9-10 синф ўқувчилари ўртасида 10-мактаб ўқувчиси Маржона Хўшбоқова фахрли биринчи ўринни қўлга кирди.

Ғолиблар тадбирнинг вилоят босқичига йўлланма олиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири