Жанубда тил байрами ҳазрати Навоийга эҳтиромдан бошланди
Сурхондарё вилоятида ҳам 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланмоқда.
Байрам эрта тонгдан Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.
Она тилимизни жаҳонда улуғлашга беназир ҳисса қўшган улуғ шоир ҳайкали ўрнатилган майдонда вилоят ҳокимлиги, ташкилот, идора ва муассасалар вакиллари, ҳарбийлар, тилшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар иштирок этган тантанали тадбирда кейинги йилларда ўзбек тилига бўлган эътибор янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Она тилимизни янада ривожлантиришга, унинг жозибадорлигини келгуси авлодларга ҳам безавол етказишга хизмат қиладиган янги тузилма ташкил этилгани, тилимиз тарғиботига доир янги нашрлар, луғатлар чоп этилаётгани таъкидланди.
– Мамлакатимизда сўнгги йилларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун миллий ўзлик, маънавият ва адабиёт байрами сифатида кенг нишонланаётганидан, она тилимизнинг сайёрамизда мавқеи янада ошиб бораётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Алламуродов. – Бу кунларга эришишни улуғ аждодларимиз, боболаримиз орзу қилиб, яшаб ўтган. Бугун теран илдизлари қадим ўтмишга бориб тақаладиган тилимизнинг қадри янада ошиб бораётир. У давлатчилигимиз, миллийлигимиз, ўзлигимиз рамзи бўлиб хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда ўзбек тили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбари ва турли нуфузли халқаро анжуманларда баралла янграётгани ҳам бунга яққол далилдир.
[gallery-19864]
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов сўзга чиқди.
Вилоятда байрам тадбирлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири