Жанубда картошка экиш бошланди
Сурхондарё вилояти фермер ва деҳқон хўжаликлари жорий йил ҳосили учун 16 минг гектардан ортиқ майдонда картошка етиштириб, 302 минг 115 тонна ҳосил олишни режалаштирмоқда.
Етиштириладиган ҳосилнинг 5 минг 700 гектари фермер хўжаликларининг асосий ер майдонларида, 9 минг 300 гектари деҳқон хўжаликларининг асосий ерларида, шунингдек, 1 минг 12 гектари такрорий экин майдонларида парваришланади.

Сайёрамизда картошка кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан бири саналади. Юртимизда ҳам бу маҳсулотни “иккинчи нон”, деб аташади. Бу таъриф картошканинг кундалик истеъмолда муҳим ўрин тутишини англатади. Мутахассисларнинг айтишича, тўйимли маҳсулот бўлган картошка таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, қатор витамин ҳамда натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, ёд каби элементлар бор. Халқимиз севиб истеъмол қиладиган бу озиқ-овқат экинини етиштириш ва парваришлашга қулай иқлимга эга воҳада соҳага қаратилаётган эътибор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларимизнинг янада арзон бўлишида муҳим омил бўлади.

Бу йил вилоятнинг Ангор туманида деҳқон хўжаликлари 546 гектар, фермерлар 334 гектар майдонга картошка экиб, 16 минг 600 тоннадан зиёд ҳосил олади.
Қиш чилласи чиқиб, кунлар илиши билан тумандаги “Ангор Гулистон мевалари” масъулияти чекланган жамияти деҳқонлари беш гектар майдонга картошка уруғи экишни бошлади.

– Картошка турли фойдали элементларга сероб маҳсулот, – дейди “Ангор Гулистон мевалари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Комил Маматқулов. – Куз фаслида картошка экишга мўлжалланган еримизни сифатли шудгорлаб, маҳаллий ўғит билан озиқлантирдик. Агат олиб, уруғ қадашга тайёрладик. Кунлар исиши билан уруғни экиб бошладик. Ҳар гектар майдондан ўртача 200 центнердан сифатли маҳсулот олиш режалаштирилган. Бунинг учун картошка уруғлари униб чиққунча ер майдони 1-2 марта юмшатилиб, ер юзасида ҳосил бўлган қаттиқ қатлам бартараф этилади. Бунда қатор ораларидаги бегона ўтлар йўқолиб, майсаларнинг тез, бир текис униб чиқишини таъминлайди.

Вилоятда тажрибали деҳқонлар баҳорги картошка уруғини қиш чилласи чиққач, тупроқнинг 10 сантиметр қатламида ҳаво ҳарорати 6-7 градус қизиганда март ойининг учинчи ўн кунлигигача экиб, тугатишни тавсия этади. Экиш муддати кечикканда туганаклар ҳосил бўлиши ёзнинг жазирама иссиғига тўғри келиб, ҳосилдорлик камайишини айтишади.
Ана шу агротехник тадбирга амал қилаётган туман миришкорлари уруғни тез ва сифатли қадашга алоҳида эътибор бермоқда. Муҳим бу юмушга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман фермерлар кенгаши мутахассислари ҳам яқиндан кўмаклашмоқда.
– Картошка уруғи Польшадан келтирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман фермерлар кенгаши бошлиғи Олимжон Мирзаев. – Эртапишар, ҳосилдорлиги юқори. Зараркунандаларга чидамли. Фақат парваришига аҳамият бериб, вақтида суғорилса мўл ҳосил беради. Туманимизда картошка етиштирувчилар ҳар гектар ердан ўртача 189 центнердан ҳосил олишига қулай муҳит мавжуд. Мутахассисларимиз уруғни белгиланган муддатларда экиб, ундириб олишига яқиндан ёрдам бермоқда.
Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам оби-тобига келган майдонларга картошка уруғини экиш бошланмоқда. Жумладан, бу йил сариосиёликлар 1 минг 755, Жарқўрғон тумани деҳқонлари 1 минг 663, деновликлар 1 минг 600, Қумқўрғон тумани миришкорлари 1 минг 330 гектар ерда картошка парваришлайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, воҳа аҳолисининг йиллик картошка истеъмоли 200 минг тоннадан ортиқни ташкил этади. Жорий йилда воҳада йиғиб олинадиган ҳосилнинг ички истеъмолдан ортган қисми мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги бозорларни арзон, сифатли картошка билан таъминлашга йўналтирилиб, нарх-наво барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири