Жанубда ғўза дефолиацияси бошланди
Сурхондарё вилоятида жорий йил ҳосили учун 1 минг 945 фермер 62 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришлаб, пахта хом ашёси етиштирмоқда. Пахтакорларнинг бетиним меҳнати эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланди. Ҳосил чўғини янада ошириш учун барча агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан амалга оширилаётир.
Мутахассисларнинг айтишича, пахтачиликда ҳосил пишиб бошлагач, ғўзани баргсизлантириш ҳам муҳим тадбирлардан бири саналади. Дефолиация ўз вақтида сифатли ва тўғри ўтказилса баргларнинг тўкилиши тезлашади. Ғўзадаги кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади. Дастлабки терим салмоғи ошиб, юқори сифатли хом ашё йиғиштириб олинади. Шунингдек, дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса, қора шира тушган майдонларга самарали таъсир кўрсатади.

Вилоятнинг Бандихон туманида 3 минг 500 гектар майдонда пахта етиштирилмоқда. Фермерлар янги навларни экиш ва тажрибада синовдан ўтган илғор агротехнологияларни қўллаш орқали юқори ҳосил олишни режалаштирган. Шу мақсадда далаларда ғўза дефолиацияси бошланди.

Тумандаги “Олтин куз қизириқ” фермер хўжалиги майдонларида ғўзага самарали “Ento-defol 540 5C” кимёвий препарати сепилиб, баргсизлантирилмоқда. Муҳим агротехник тадбирни туман ҳокими Абдумалик Алламурадов ва бошқа тажрибали мутахассислар кузатиб, таклиф ҳамда тавсияларини билдирди. Дефолиацияни белгиланган муддатларда ва сифатли ўтказиш, дефолиантлардан тўғри фойдаланиб, қўллаш юзасидан фикр алмашди.

Далаларда ҳар гектар ерга 150 граммдан ишлатилаётган юмшоқ таъсир этувчи дефолиант баргларни яшиллигича тўкиш хусусиятига эга. У кичик кўсакларни ҳам эрта пишириб, қўшимча сифатли ҳосил олишга ёрдам беради. Баргларнинг яшил ҳолатда тўкилиши териладиган пахтани ифлосланишдан сақлаб, сифатли хом ашё йиғиштириб олишга қулай имконият яратади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири