“Жаннат гўзаллиги – туркман гилами”
Мамлакатимизда ўтаётган Туркманистон Республикаси маданияти кунлари доирасида Бухорода Туркман гиламлари тарихи миллий кўргазмаси ташкил этилди.
Туркман гиламининг оламшумул довруғига бағишланган “Жаннат гўзаллиги – туркман гилами” деб номланган халқаро конференция ўтказилди.
Анжуманда ўзбек - туркман маданий марказлари вакиллари, халқ амалий санъати, чунончи, гиламдўз ҳунармандлар, Бухорода таҳсил олаётган талаба ёшлар билан бирга хорижий давлатлардан таклиф қилинган меҳмонлар, илмий тадқиқотчи, санъатшунос олимлар, дўстлик жамиятлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Бир неча аср олдин деярли барча туркман гиламлари кўчманчи қабилалар томонидан бутунлай маҳаллий материаллардан, қўйлардан олинган жўн ва ўсимлик бўёқлари ёки бошқа табиий бўёқлардан тайёрланган. Сўнгги асрларда бежирим ва пишиқ ипак ва жўндан тўқиб тайёрланган нақшинкор туркман гиламлари нафақат Бухоро амирлиги ва қўшни хонликлар саройлари, бек ва амалдор мулозимлар уйларини безаган, балки хорижий давлатларда довруғ таратган. Ҳатто Буюк Британия Қироллик оиласи, Россия Федерациясида Биринчи жаҳон урушидан олдинги даврда ҳам туркман гиламлари машҳур бўлгани ҳақида қатор тарихий манбаларда ёзилган.
Туркман гиламдўзлигида азалдан дала-дашту чўл-биёбонда яшаган ҳар бир қабиланинг қўл меҳнати намунаси сифатида гиламдўзликда ўзига хос геометрик нақшлардан кенг фойдаланилган. Бунда машҳурлари Ёвмут, Эрсари, Сариқ, Салор ва Теке турларидир. Туркман гиламдўзлигида тахминан 1910 йилдан бери табиий бўёқлар билан бир қаторда синтетик бўёқлар ҳам қўллана бошланган. Эгри ва тўқув иплари учун пахтадан фойдаланиш ҳам кенг тарқалган.
[gallery-14329]
Асосан Покистон, Эрон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш учун кўп миқдорда ишлаб чиқариладиган туркман гиламларини тўқишда аксар ҳолда синтетик бўёқлардан, пахта толалари ва жўнлардан фойдаланилади. Уларнинг қадимдан шаклланган туркман қабилаларининг асл гиламлари билан ўхшаш жиҳатлари кўп. Ушбу экспорт гиламларида турли нақш ва ранглар қўлланилади, лекин энг ўзига хоси Бухоро дизайни бўлиб, у Теке қабиласининг асосий гилам намунасидан олинган. Бундай тўшамалар кўпинча қизил ёки жигарранг фонга эга бўлади. Яна бир нусха Эрсари қабиласининг гиламидан олинган бўлиб, саккиз бурчакли фил оёғи дизайнига эга. Ашхободда асл туркман қабила гиламлари намуналари сақланадиган Туркман гилам музейи ҳам бой ашёлари билан танилган.
Анъанавий туркман нақши солинган кўплаб афғон гиламлари ҳам ушбу мамлакатда яшовчи этник туркманлар томонидан тўқиб чиқарилмоқда. Қўшни мамлакатда асосан экспортга мўлжалланган кўплаб гиламлар ишлаб чиқарилади ва уларнинг аксарияти айнан “Бухоро“ дизайнига тааллуқли намуналар ҳисобланади.
Туркманистонда дунёдаги энг катта гиламлардан бири тўқиб тайёрланган. Бошқача айтганда, XX аср иккинчи ярмидан бошлаб гиламдўзлик саноати Туркманистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бирига айланган. Балки шу боис, 1992 йилдан буён Туркман гилами куни ҳар йили май ойининг охирги якшанбасида миллий байрам сифатида нишонланади. Замонавий туркман гиламлари орасида 2001 йилда тўқилган ва 2003 йилда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган тўшама ҳам бор. Бу нақшинкор анорранг гиламнинг сатҳи 301 метр квадратга тенг бўлиб, ҳозир чевар ҳунармандлар томонидан қўлда тўқилган дунёдаги энг катта гилам сифатида эътироф этилмоқда.
Туркман гиламига дахлдор юқоридаги ва яна бошқа маълумотлар ҳақида халқаро илмий конференция иштирокчилари, жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги санъатшунослик институти кафедра мудири, профессор Элмира Гюль, Россия Федерациясининг Санкт Петербург санъат институти профессори Елена Цареева, Туркманистон-Россия дўстлик жамияти раиси Гулобод Амандурдиева, кўп йилдирки, кўҳна қитъа ва Америка Қўшма Штатларида Марказий Осиё халқ амалий санъати, хусусан, туркман гиламлари тарғиботини олиб бораётган Буюк Британия илмий-оммабоп журнали “Haly” бош муҳаррири ўринбосари Мален Люнберг, Бухорода “SD Turkmen haly” деб номланган туркман гиламлари ишлаб чиқариш корхонасини очган ҳунарманд ва тадбиркор Сўлмаз Жумаева, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси катта илмий ходими Қорёғди Жумаевлар атрофлича ахборот берди.
Эътироф этилганидек, таниқли туркшунос олим, туркман ва бошқа туркий тиллар билағони, профессор Юсуф Озмуннинг “Сўз кўкимиз, ўз кўкимиз”, яъни “Сўз томиримиз, ўз томиримиз” деган китобида туркман оти ва гилами ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳолда мисол тариқасида “гилам”, ё туркийси “қалин” сўзи аввалига “қавуз”, “қобуз”, “қавур” шаклларида бўлгани ва айни шу шаклда рус тилига “ковёр” бўлиб ўтгани илмий асосланган. Бинобарин, қўшни Туркманистон заминида кўп асрлардан буён маҳаллий аҳоли жўндан ва ипакдан пишиқ гилам тўқиб, бу тўшамаларнинг довруғини дунёга ёйгани барчага маълум.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилишда кенг имконият ва имтиёзлар яратилгани қўшни туркманистонлик қардошимиз Сўлмаз Жумаеванинг ҳам юртимизда айнан гиламдўзликда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига замин яратди. Шу тариқа Бухорода “SD Turkmen haly” қўшма корхонаси ташкил қилинди. Иш бошлаганига энди ярим йилдан ошган корхонада 40 нафар хотин-қиз доимий ишга жойлашган бўлса, уларнинг 13 нафари ижтимоий муҳофазага олинган оилаларнинг бекалари сифатида Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ўқиб, ҳунар ўрганиб, амалиётда кўникма ҳосил қилган чеварлардир. Муҳими, Сўлмаз Жумаева нафақат маҳсулот тўқиб чиқариш ва даромад олиш, балки гиламдўзлик ҳунарининг қадимий илдизларини, тарихини ёш авлодга етказишни мақсад қилганлардан. Хорижлик инвестор аёл яқин кунларда корхона қошида гиламдўзлик санъати музейини ташкил этиш ниятида.
“Жаннат гўзаллиги–туркман гилами” деб номланган халқаро конференцияда йиғилганлар меҳмонхона фойесида ташкил қилинган нақшинкор, қирмизи, анорранг туркман гиламлари кўргазмаси билан ҳам яқиндан танишиб, моҳир қўллар меҳри, ойдин қалблар тафтидан бунёд бўлган турфа гиламлар ҳақида фикр алмашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари