Москва шаҳрида Жаҳон атом ҳафталиги доирасида қатор тадбирлар, учрашувлар ва пленар сессиялар ўтказилмоқда.
Россия, Беларусь, Армения, Эфиопия каби давлатлар етакчилари, қатор давлатлар масъуллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган навбатдаги пленар сессияда атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликлар хусусида сўз юритилди.
Унда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сўзга чиқиб, ҳафталик иштирокчиларини қутлади ва ушбу соҳадаги ютуқларни эътироф этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўз нутқида атом энергетикасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, мамлакатимиздаги илк атом электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар, бу борада томонлар ҳамкорлигига тўхталиб ўтди.
- Ўзбекистон кўп йиллардан буён ураннинг муҳим ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз ҳиссасига дунё заҳираларининг тахминан 4 фоизи тўғри келади ва йилига 3,5 минг тоннадан ортиқ қазиб олинади.
Мамлакат йирик ишлаб чиқарувчилар қаторида мустаҳкам ўрин эгаллаб келади ва глобал ёқилғи циклида ишончли ҳамкор бўлиб қолмоқда. Ана шу асосий саноат тажрибаси эса соҳани ривожлантиришнинг янги босқичига хизмат қиляпти.
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ўз атом генерациясини яратишга ўтмоқда. Бу кўп қиррали йўналишга эга. "Росатом" билан қўшма лойиҳамиз - мамлакат тарихидаги илк АЭС бўлиб, ўзига хос аҳамиятга эга. Бир майдонда иккита йирик қувватли (1000 МВт) реактор ва иккита кичик (55 МВт) реактор қурилади.
Бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида 2,1 ГВт базавий генерация ва манёврчан қувватларни таъминлайди. 2035 йилга келиб, 525 гектар майдондаги станция йилига 15 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу лойиҳа энергетика диверсификацияси стратегиясининг бир қисми.
2030 йилга келиб, Ўзбекистонда тоза энергетика улуши 40 фоиздан ошиб кетиши керак ва АЭС бу мақсадга катта ҳисса қўшади. Шу билан бирга, қайта тикланадиган манбалар бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бир майдонда катта ва кичик блокларнинг комбинацияси тармоқ барқарорлигини кучайтиради, интеграцияни енгиллаштиради. Катта блоклар барқарор базавий генерацияни таъминлайди, кичик блоклар эса пик юкламаларни қоплайди ҳамда қуёш ва шамол станцияларининг ноаниқ ишини мувозанатлайди.
АЭС нафақат "яшил" энергия манбаи, балки тизим яратувчи объект сифатида ҳам хизмат қилади.
Алоҳида йўналиш - кадрлар тайёрлашдир. Бу тизим мактабдан бошлаб, олий ва кейинги таълимни қамраб олади. Тошкентдаги МИФИ филиали асосий таянадиган ўқув муассасаси ҳисобланади. 2030 йилга қадар филиалда 300 дан ортиқ талабалар мутахассисликка эга бўлади. Москва майдонидаги МИФИда ҳам ўз талабаларимиз магистратура дастурлари бўйича ўқимоқда.
Жиззах вилоятида АЭС қурилиши нафақат электр қуввати ишлаб чиқаришни оширади, балки бутун минтақани индустриал ривожлантиришга хизмат қилади. Қурилиш жараёнида 12 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади, эксплуатация даврида эса 2 мингдан ортиқ юқори малакали иш ўрни таъминланади. Шунингдек, “Атомчилар шаҳри” ҳам қурилади, у “ақлли шаҳар” концепциясида бўлади.
Бу лойиҳа минтақада катта инвестициялар жалб қилади, инфратузилма ривожига туртки беради. Биз халқаро ҳамкорликка очиқмиз. МАГАТЭ ўз кўмаги ва қўллаб-қувватлашини билдирди.
Хулоса қилиб айтганда, бу лойиҳа нафақат энергетик мустақилликка қадам, балки Россия Федерацияси билан стратегик ҳамкорлик намунасидир.
Атом электр станцияси Ўзбекистоннинг янги индустриализацияси рамзига айланади, энергетика модернизацияси ҳаракатлантирувчиси ва мамлакатларимиз ҳамкорлиги учун мустаҳкам пойдевор бўлади,- деди ўз нутқида Ж.Хўжаев.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА