Жамовий спорт турлари эътибор марказида
Кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида иқтидорли спортчилар заҳирасини тайёрлаш тизимини янада кучайтиришга бағишланган онлайн йиғилиш ўтказилди. ZOOM платформаси орқали ўтказилган йиғилишда федерация ва ассоциацияларнинг мутахассис ва мутасаддилари иштирок этди.
Тадбир аввалида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов давлатимиз раҳбари Токио олимпиадаси иштирокчилари билан учрашувда яна уч йилдан кейин Парижда бўлиб ўтадиган олимипия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берганлигини таъкидлаб, бу борада спортчилар заҳирасини тайёрлаш, селекция ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича вазифалар мундарижасини келтириб ўтди.
Онлайн мулоқотда теннис, регби, гандбол федерацияларининг мутахассис ва мутасаддиларининг фикр ва таклифлари тингланди.
Йиғилишда ихтисослашган таълим муассасаларида жамоавий йўналишларга ажратилган ўринларнинг етарли эмаслигига урғу берилди. Кўзланган натижаларга эришиш учун эса аввало, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларида ўринлар сонини кўпайтириш, ўқитиш тизимини халқаро талаб даражасига олиб чиқиш ва миллий чемпионатларда рақобатбардош кучли клубларни кўпайтириш зарурлиги хусусида таклифлар илгари сурилди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқот жараёнида шунингдек, 2025 йил Тошкентда ўтказилиши белгиланган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА