Жамолиддин Абдуллаев:«Ҳақиқий нотиқ қулоққа эмас, қалбга гапиради» (+видео)
«Ўзингдан бошла» лойиҳасининг бу галги меҳмони — Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ўзбек тили ва адабиёт кафедраси катта ўқитувчиси, адабиётшунос, тарихчи, нотиқ Жамолиддин Абдуллаев.
— Сиз аудиторияга кирасиз. Қаршингизда эса келажакда йирик медиа майдонида фаолият юритадиган ёшлар ўтиради. Улар сиздан ниманидир ўрганиш, янги фикр ва билим олиш умидида келади. Талабалар олдига чиқишдан аввал ўзингизга қандай талаблар қўясиз?
— Саволингиз жуда ўринли. Бизда ҳар қандай иш, аввало, амалдан бошланади. Шу ўринда бир ривоятни эслаб ўтмоқчиман.
Бир куни бир ота-она ўғлини Ҳазрат Умарнинг ҳузурларига олиб келибди. «Боламиз хурмони жуда кўп ейди. Шифокорлар ҳам бу зарар эканини айтишган. Бизнинг гапимизга қулоқ солмаяпти. Сиз насиҳат қилиб қўйсангиз», деб илтимос қилишибди.
Ҳазрат Умар уларга:
— Қирқ кундан кейин келинглар, — дебдилар.
Орадан қирқ кун ўтиб, ота-она яна фарзандини олиб келибди. Шунда Ҳазрат Умар болага:
— Ўғлим, хурмони кўп ема. Ҳар нарсанинг меъёри яхши, — деб насиҳат қилибдилар.
Ота ҳайрон бўлиб:
— Шу гапни қирқ кун олдин ҳам айтишингиз мумкин эди-ку? — деб сўрабди.
Шунда Ҳазрат Умар:
— Мен ўзим ҳам хурмони кўп ердим. Ўзим амал қилмаган нарсага бошқани қандай чақиришим мумкин? Аввал ўзимни қирқ кун давомида бу одатдан тийиб олдим, кейингина насиҳат қилишга ҳақли бўлдим, — деган эканлар.
Мен ҳам талабаларга бирор мавзу ҳақида гапиришдан олдин ўзим шу нарсага амал қилганманми, деган саволни бераман. Чунки ўзи амал қилмаган нарсани бошқаларга уқтириш самара бермайди.
Ёзувчи Лев Николаевич Толстойнинг шундай сўзи бор: ҳақиқий нотиқ уч соат гапирган одам эмас. Яъни кўп гапиришлик бу нотиқлик эмас, балки йигирма дақиқа гапириб, тингловчида уч соатлик таъсир қолдира олган инсон ҳақиқий нотиқдир.
Шунинг учун ҳар бир дарсга тайёргарлик билан киришга ҳаракат қиламан. Кучли нотиқ тайёргарлик билан гапиради, энг кучли нотиқ эса тайёргарлиги билинмайдиган даражада пухта тайёрланади.
— Шогирдларингизнинг айтишларича, дарс жараёнида инсоний фазилатлар ҳақида ҳам кўп гапирар экансиз. Айнан нималар ҳақида, бу жуда қизиқ.
— Биз ўтаётган дарслар ҳаётда ҳам асқатиши керак. Шунинг учун талабаларимизга фақат назарий билим бериш билан чекланмаймиз.
Мен дарсларимда кўпинча Жалолиддин Румий ва Алишер Навоий ҳикматларидан мисоллар келтираман.
Талабаларга шундай дейман: агар танбеҳ берсак, мақсад кимнидир ранжитиш ёки жазолаш эмас. Жалолиддин Румийнинг таъбири билан айтганда, одамлар гиламни ёки шолчани таёқ билан урар экан, мақсади гиламни жазолаш эмас, балки чанг ва ғуборлардан тозалаш бўлади. Шундай экан, талабаларга танбеҳ берар эканмиз, бу орқали сўз калтаги ила уларни ёмон иллатлардан, “чанг” ва “ғубор”лардан тозалаш асосий мақсад бўлади.
Яна бир муҳим фикрни кўп такрорлайман: «Сўзингизнинг харидори бўлмаган жойда сўзингизни сотманг».
Бу фикрни машҳур мутафаккир Ҳусайн Воиз Кошифий айтган. Менимча, бу нафақат нотиқлар, балки барча журналистлар учун ҳам дастуриламал бўлиши керак.
Чунки журналист жамиятнинг ойнаси, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкдир. У ҳақиқат ва адолатнинг тарафдори бўлиши лозим.
Мен талабалар билан муносабатларда ҳурмат сақланишини истайман, аммо ўртада кўринмас девор бўлишини хоҳламайман. Ҳурмат бўлиши шарт, лекин талаба ўз дардини, фикрини, қизиқишини бемалол айта оладиган муҳит ҳам бўлиши керак.
Кўпчилик нотиқлик санъатини фақат микрофон олдида чиройли гапириш деб тушунади. Аслида эса нотиқлик анча кенг тушунча.
Журналист, блогер ёки бошловчи кўпроқ инсоннинг қулоғига мурожаат қилади, ахборот етказади. Нотиқ эса инсоннинг қалбига мурожаат қилади. Шу жиҳатдан нотиқликнинг таъсир кучи бошқачароқ
— Айрим нотиқлар, балки билиб ёки билмай, тингловчиларни манипуляция қилиб қўяди. Аслида нотиқлик санъатининг мақсади ва вазифаси нимадан иборат?
— Ҳозирги глобаллашув даврида нотиқлик санъати баъзи ҳолларда қурол вазифасини ҳам бажариб қолмоқда. Аслида эса нотиқликнинг моҳияти бундан анча юксак.
Алишер Навоий асарларида чиройли ва мазмунли сўзнинг қудрати ҳақида кўп тўхталган. Унинг таъкидлашича, инсонларни ўзига жалб қиладиган нарса сўзнинг ташқи безаги эмас, балки унинг мазмуни ва маъносидир.
Тарихда турли хил нотиқлар бўлган: сиёсий нотиқлар, ҳарбий нотиқлар, диний воизлар, олимлар. Улар халқни, ҳатто бутун миллатларни ортидан эргаштира олган.
Қадимги Юнонистон ва Қадимги Римда нотиқлик алоҳида касб ҳисобланган. Риторика илми юксак даражада ривожланган. Аристотель, Суқрот, Демосфен ва Цицерон каби буюк шахслар нотиқлик санъатини юксак даражага олиб чиққанлар.
Ўша даврларда ҳатто шундай қараш бўлган: дунёдаги энг кучли икки касб — ҳарбийлик ва нотиқлик. Чунки қилич инсон танасига таъсир қилса, сўз инсон қалби ва тафаккурига таъсир қилади.
Навоий ҳазратлари ҳам сўз қудрати ҳақида шундай фикр билдирганлар:
«Темурнинг тиғи етмаган жойга сўз етиб боради. Қоруннинг хазинаси етмаган жойга ҳам сўз етиб боради».
Бу ерда Қорун жуда катта бойлик эгаси бўлган шахс сифатида тилга олинади. Яъни, моддий куч етолмаган жойга ҳам маъноли сўз таъсир ўтказиши мумкин.
Тарихда шундай вазиятлар бўлганки, қилич билан ҳал бўлмайдиган муаммолар икки оғиз оқилона сўз билан ҳал қилинган.
Лекин сўзнинг кучи қанчалик буюк бўлса, унинг масъулияти ҳам шунчалик катта. Шунинг учун халқимиз: «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», дейди.
Бугунги кунда айримлар ўзининг гапириш маҳоратидан фойдаланиб, одамларни турли йўлларга бошлаши мумкин. Шу сабабли ҳар қандай чиройли нутққа эмас, унинг мазмуни ва мақсадига эътибор бериш лозим.
Менинг назаримда, ҳақиқий нотиқнинг вазифаси одамларни манипуляция қилиш эмас. У инсонларни яхшиликка, маърифатга, адолатга ва эзгуликка чақириши керак.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/i37SJaxLtbs?si=M04NRilFGLM6WWQW" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Дониёр Ёқубов (видео),
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),
ЎзА