Юртимиз тараққиётнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳамда “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғояси йўлидан дадил бормоқда. Мазкур ғояни амалга оширишда жамоатчилик назоратининг ўрни беқиёсдир. Хўш, жамоатчилик назоратининг мақсади нима? Ушбу соҳадаги хориж тажрибасини биламизми?
Жамоатчилик назорати бу халқнинг сиёсий ҳокимият устидан том маънодаги назорати ҳисобланади. Халқ назорати қанча кучли бўлса, жамият муаммоларига ҳам тез ечим топилади. Яъни жамоатчилик назорати жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларни, ҳалқни ўйлантираётган, ташвишга солаётган камчиликларни ҳал этишда, давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритишини таъминлашда муҳим роль уйнайди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаган. Бу эса, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бермоқда,” дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, юртимизда жамоатчилик назорати институти узоқ тарихий илдизларга эга. У асрлар давомида оқсоқоллар Кенгаши кўринишида намоён бўлиб келган. Тарихдан бу институт уруш ва тинчлик масалалари, низоларни шарқона оғир-босиқлик билан ҳал қилиш учун ташкил топган. Кейинчалик Кенгашлар маҳаллаларда ҳашар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ёрдамга муҳтожларнинг муаммоларини биргаликда ҳал этиш, ўзини ва ўзгаларга эътиборли бўлиш, фарзандлар тарбиясига лоқайд бўлмаслик ва бошқа жамоат ишлари билан ҳам шуғулланадиган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланган. Бу борада буюк аллома Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида ҳам ҳукмдорларнинг аҳоли олдида ҳисоб бериб туришлари ва уларнинг қонунларга сўзсиз буйсунишлари зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Бундай ёндашувлар бизга мерос бўлиб, ўзининг амалий натижаларни бермоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган шаффофликка асосланган янги ислоҳотлар самараси туфайли жамиятимизда жамоатчилик назоратининг таъсир доираси ҳам сезиларли равишда кучаймоқда. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони, шуингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳақида”ги ҳамда “Ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан кўзланган мақсад фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олишдир.
Илк қадам сифатида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани ҳамда судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилганини ҳам мисол сифатида келтириш мумкин. Бундан ташқари, юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан илк маротаба “Маҳалла посбони” аъзолари, “Фидокор ёшлар” гуруҳлари ва “Жамоатчилик назорати масканлари” фаолиятига раҳбарлик қилувчи профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларини танлаш тажрибаси қўллангани ҳам яхши натижаларни бермоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган прагматик сиёсат, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда ортди. Жумладан, халқ манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган қонунлар, фармонлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, энг аввало, умумхалқ муҳокамасидан ва жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳбар-мутасаддилари ишига муносабатлар билдирилаётгани натижасида кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августга қадар узайтирилгани ҳам халқ билан бамаслаҳат иш кўрилаётганидан далолат бермоқда. Энг муҳими, бу жараёнда мамлакатимизда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик фаоллиги кўриниб турибди. Дарҳақиқат, конституциявий қонун лойиҳасидан жамоатчилик назоратининг ўрин олиши муҳимдир.
Бу борада АҚШ тажрибасига бироз тўхталсак. Масалан, АҚШда жамоатчилик назорати ғояси узоқ тарихга эга. АҚШнинг 4-Президенти Жеймс Медисоннинг “Federalist” газетасида чоп этилган фикрига кўра: “Республикачи”ларнинг озодлик руҳияти, шубҳасиз, нафақат бутун ҳокимият халқдан чиқиши, балки халқ ишонч билдирган ҳокимиятлар ҳам халққа боғлиқ бўлиб қолиши керак...”. Бугунги кунга қадар бу ғоялар, яъни ҳокимият органларининг халққа ҳисобот бериши АҚШда сиёсий анъана сифатида қабул қилинган ҳамда бу борада ўзига хос бой тажриба тўпланган.
АҚШда жамоатчилик назорати икки йўл билан амалга оширилади. Биринчиси – фуқароларнинг хоҳиш-истакларини тўғридан-тўғри ифодалаш бўлса, иккинчиси – халқ томонидан сайланган вакиллар амалга оширади. Эътиборли жиҳати шундаки, иккала назорат усулининг бир-биридан устуворлиги ҳақида гапириш ўринсиз, улар биргаликда бир мақсадга хизмат қилади. Масалан, тўғридан-тўғри жамоатчилик назорати фуқароларнинг ҳокимият фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумот олишлари, журналистик текширувлар, фуқаролар йиғилишлари, жамоат тингловлари орқали жамият ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш, қонун лойиҳаларини жамоатчилик экспертизаси ва ҳоказо усуллар ёрдамида амалга оширилса, иккинчи вакиллик усулида парламент назорати, ҳуқуқий қонун чиқарувчи, маҳаллий ҳокимият вакиллик органининг назорати орқали амалга оширилади.
АҚШдаги яна коллабораций номли услубига тўхталсак. Бу услуб фуқароларнинг турли хил фикр ва ғояларини тўплашга эмас, балки фуқароларга маълум бир муаммоларни аниқ етказиб, уни шу соҳанинг етук мутахассисларини таклиф қилган ҳолда ечимини ҳал қилиш ҳисобланади. Бу услуб нафақат юқори даражали натижаларга эришишга, балки бутун жамиятни бир мақсад йўлида бирлаштиришга ҳам хизмат қилади. Одамлар ҳукумат ҳал қила олмаган баъзи муаммолар ечимида уларнинг ҳам ҳиссаси ва ўрни борлигига ишонч ҳосил қилишади.
Хулоса қиладиган бўлсак, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги сиёсий ҳокимиятнинг том маънода халқ қўлида бўлишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Дарҳақиқат, янги Ўзбекистон ҳаётига доир ҳар бир қарор халқ билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. Ҳозир “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя натижалари фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Феруза УСАРОВА,
Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори вазифасини бажарувчи, сиёсий фанлар номзоди, доцент