Андижонда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан жорий йилнинг 11 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов, ички ишлар бошқармаси мутасаддилари, жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этган йиғилишда жамоатчилик кенгаши томонидан олиб борилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
– Кенгаш томонидан самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бўйича муайян ишлар олиб борилди, – дейди Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Давронов. – Лекин бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Хусусан, ички ишлар тизими нуфузини кўтариш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мавжуд камчиликлар, уларни бартараф этиш юзасидан таклифларни шакллантиришга қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш муҳимдир.
[gallery-20784]
Тадбирда тизимнинг очиқлигини таъминлаш, ижтимоий тармоқларга қўйилаётган соҳага оид салбий ҳолатларга тезкор муносабат билдириш билан боғлиқ қатор масалалар таҳлиллар асосида муҳокама қилинди.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан ички ишлар органлари ходимларининг халқимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш, бартараф этиш борасидаги машаққатли хизматларини юртдошларимизга таъсирчан усуллар орқали етказиш борасида таклифлар билдирилди. Шунингдек, тизим обрўсини кўтарадиган ижтимоий роликларни сон ва сифат жиҳатдан кўпайтириш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, кенгаш аъзоларининг фаоллигини ошириш, ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр ва мулоҳазалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда жамоатчилик кенгаши фаолиятининг барча йўналишларида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари