Жамоат комиссияси фаолияти сарҳисоб қилинди
Андижонда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси фаолияти муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳар қандай давлат ва жамият ривожида, мамлакатда демократик, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода юртимизда ҳам фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат, нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилишда вилоятда ана шу йўналишда олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва мавжуд муаммолар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, муқобил энергия манбааларини ривожлантириш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлашга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Айни кунда вилоятимизда 550 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотилари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инстутлари фаолият юритмоқда, - дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди раҳбари Зардуна Исмоилова. - Йиғилишни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, уларнинг 2022 йилдаги фаолиятларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлганмуҳим вазифаларни белгилаб олишдир.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бевосита иш олиб борувчи бўғин сифатида ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари, талаб ва таклифларини атрофлича ўрганиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича кенг жамоатчилик билан мулоқотлар ўтказиш, аниқланган муаммолар, таклифлар, фикр ва мулоҳазалар юзасидан секторлар кесимида мониторинг ва таҳлил ишларини олиб бориш, ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 2022 йилда давлат гранти ажратиш бўйича 3 марта танлов ўтказилди. Танловларга вилоятдаги жамоат ташкилотларидан 50 та лойиҳани амалга ошириш бўйича аризалар тақдим этилди. Жамоат комиссиясининг тегишли қарорлари билан келиб тушган лойиҳалардан 26 таси ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун 760 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, ўтган йили маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан вилоятдаги 4 та ногиронлик жамияти ҳамда рус, корейс, уйғур, қирғиз ва арман миллий-маданий марказлари вилоят бўлимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жами 684,7 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди. Шунингдек йиғилишда 2022 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан давлат гранти ажратиш бўйича эълон қилинган танловлари натижаларига кўра, вилоятдаги жамоат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятли эга 11 та лойиҳаси 865 миллион сўм миқдорида молиялаштирилганлиги таъкидланди.
Йиғилишда вилоятдаги миллий-маданий марказлар вилоят бўлимлари раҳбарларининг 2022 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.
Йиғилишда иштирокчилар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулорҳазалар билдирилди. Жорий йилада мазкур йўналишда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА
--0--
Ушбу материалга оид суратлар юборилди.