Жамият ва оммавий ахборот воситалари
Бухорода «Жамият ва оммавий ахборот воситалари» мавзусида минтақавий республика семинари бўлиб ўтди. Унда Бухоро ва Навоий вилоятларининг вилоят, туман, шаҳар газеталари муҳаррирлари, вилоят телерадиокомпанияларининг масъуллари, журналист ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Бухоро давлат университети журналистика йўналиши талабалари қатнашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос барпо этилди. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилди. Бу эса оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир ижодкорни давр нафаси билан яшаб, кенг жамоатчиликни бунёдкорлик сари руҳлантиришга, ислоҳотлар моҳиятини англашга ундовчи шахс сифатида жамият ҳаётининг фаол, илғор фикрли вакилига айланишида муҳим аҳамият касб этди. Бундай юксак масъулият ижтимоий-иқтисодий турмушнинг барча жабҳаларидаги янгиланишларга дахлдор бўлиш, жамият ҳаётидаги ютуқ ва камчиликларни ўз вақтида кенг омма ихтиёрига ҳавола қилиш ва уларда маълум ижтимоий муносабатни шакллантиришни талаб этади.
[gallery-3942]
Зеро, давлатимиз раҳбари яқинда матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакилларига йўллаган байрам табригида «Ўз-ўзидан равшанки, бугун биз яшаётган янги давр, янгича ижтимоий муносабатлар оммавий ахборот воситаларининг олдига тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган жамиятимизнинг талабларига ҳар томонлама муносиб бўлиш, одамларни ўйлантираётган, безовта қилаётган муаммоларга жавоб излаш, уларни кун тартибига қўйиб, жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда», дея таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, Президентимиз журналистларга қилаётган ҳар бир мурожаатида айни шу мураккаб ва қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун, аввало, одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мустақил фикрлашни шакллантириш талаб қилинишига алоҳида тўхталмоқдалар. Буларнинг барчаси оммавий ахборот воситалари вакиллари олдига янада шарафли вазифани қўймоқда. Сир эмаски, турли ғоя ва мафкуралар, манфаатлар кураши кескинлашиб, «оммавий маданият» ва бошқа таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги даврда ахборот ҳал қилувчи омилга айланяпти. Шундай пайтда фуқароларда оқни қорадан, холисни нохолисдан ажратиш салоҳияти, маънавий маърифий иммунитетни мустаҳкамлаш айни заруратдир. Бунда оммавий ахборот воситаларининг роли ва ўрнини кучайтириш ҳар қачонгидан кўра муҳим бўлиб бормоқда. Юртимизда бунинг учун барча имконият мавжуд. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, республикамизда истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга доир босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мазкур йўналишда ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Соҳадаги қатор тармоқлар негизида журналистларнинг профессионал фаолияти учун зарур қулайликлар яратиляпти. Хусусан, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонунларда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш белгилаб қўйилди. Кейинги йилларда ОАВнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага бозор механизмларини жорий этиш ва эркин ахборот майдонини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилаётир. Боиси, бозор иқтисодиёти шароитида жамиятга холис, тезкор, шаффоф ахборотларни етказишга, асосан, иқтисодий эркин бўлган оммавий ахборот воситасигина қодир бўлади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда «Бугунги кун журналистикаси», «Ёш журналистларни тайёрлаш: бу борадаги ютуқлар ва муаммолар», «2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да белгиланган ишларни ёритилиши (Ромитаннома газетаси мисолида), «Президент сайловини ёритишда ОАВ иштироки ва роли» мавзуларда маърузалар тингланди.
-Бухородаги республика семинарида фикрлар, тажрибалар алмашилди, -дейди «Навоий зиёси» газетаси бош муҳаррири Санжар Қурбонов. – Соҳа ривожи учун қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти борасидаги маърузалар биз журналистлар учун дастуриламал бўлиб қолади. Айниқса, жорий ўқув йилида Бухоро давлат университети журналистика йўналишининг очилганлиги йиғилганларга қизиқиш уйғотди. Семинарда сайлов жараёнини ёритиш бўйича тавсиялар берилди. Сайловни ёритишда очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ҳамда энг муҳими тезкорлик талаби қўйилди.
Семинар ишида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олим Ўсаров қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА