Қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш, ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Бинобарин, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя илгари сурилаётган экан, бунда хотин-қизларимизнинг иштирокисиз эришиб бўлмайди.
Ҳар қандай жамият тараққиётида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб берадиган оналаримизнинг роли беқиёсдир.
Эътибор бериб қарасак, пандемиянинг биринчи куниданоқ халқ соғлиғи йўлида ўзини фидо қилиш учун енг шимариб чиққанлар ҳам тиббиётнинг бирламчи бўғинида меҳнат қилаётган хотин-қиз ҳамширалар, тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимидаги аёлларимиз ҳам бўлди.
Шу маънода янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ғайратли аёлларимиз мустаҳкам таянч ва тиргак бўлмоқда.
Биз ўз олдимизга қўйган Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадга маърифатли ва зиёли, жаҳон илм-фани билан бемалол бўйлаша оладиган хотин-қизларимизнинг маънавий кўмагида янада тезроқ етишимиз, халқимизнинг асрий орзу-умидларини тўлиқ рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланишимиз мумкин.
Ўзбекистонда 25 ёшгача бўлган ўғил ва қизларнинг 100 фоиз саводхонлиги илм ва фанда ҳар қандай янги тараққиёт даврини бошлаш учун муҳим замин ҳисобланади. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга кам сонли давлат қаторида эканимизни тасдиқлайди.
Чунки ёшларимизга боғчадан тортиб, олийгоҳгача таълим ва тарбия берадиган, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида камолга етказадиган муҳим қудрат манба – бу хотин-қизларимиздир.
Шу маънода биз педагогларнинг малакасини ошириш, машаққатли меҳнатимизни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, мураббийларга жамиятдаги энг нуфузли ва обрўли касб деб қарала бошлаганини самимий эътироф этамиз.
Бундан ташқари, олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказиладиган бўлди. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши катта ниятлар йўлидаги амалий ечим саналади.
Олийгоҳларда ўқиш иштиёқида бўлган ёшларимизнинг бу таълим босқичга қамраб олиш кўрсаткичи йил сайин ошириб борилаётгани бежиз эмас. Зеро, ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ўрта маълумотга эга 35 фоиз, олий маълумотга эга 68 фоиз хотин-қизлар меҳнат билан бандлар.
Қолаверса, биз эндиликда нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтиришимиз, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришимиз зарурияти қайд этилди.
Янги йилда 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳам уларнинг имконият кўламини оширади.
Мурожаатномада келтирилганидек, бу йил ҳам олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. Жаҳоннинг мана-ман деган давлатлари ҳам бундай қатъий қарорлар қабул қилиш учун бир неча ўн йиллар керак бўлади.
Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши очиғи, пандемия даврида қийналган ва эҳтиёжманд қизларимиз кўнглига малҳам бўлади.
Соҳада рақобат муҳитини яратиш мақсадида хусусий олийгоҳларга ҳам зарур мутахассисларни тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини бериш тизими йўлга қўйилиши билимли ва иқтидорли ёшларни олийгоҳларга кенг жалб қилишга хизмат қилади.
Бу йил “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши айниқса эътирофга лойиқ.
Илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиб, ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилмоқда.
Халқаро амалиёт асосида доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши ҳам жуда тўғри ва замон талабига мос қарор деб ҳисоблаймиз.
Касаба уюшмалари федерацияси бошчилигида мутасадди идоралар, банклар ва ҳокимликлар томонидан жойларда 6 миллиондан ортиқ хотин-қизларнинг муаммолари пухта ўрганилгани, шу асосда “Аёллар дафтари” шакллантирилгани, комплекс ва ностандарт ёндашувлар, ишончли ижтимоий кафолатлар дунёда муқобили йўқ тизимдир.
Қолаверса, давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш – ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Парламентимиз янги таркибининг 30 фоизи аёллардан иборатлиги хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борган ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.
Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш уларга янги имкониятлар яратиш бўйича навбатдаги қадам сифатида ҳаётни ва аёллар муаммоларини яхши биладиган, фаол ва ташаббускор аёллардан иборат Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этилаётгани ва унга Сенат Раиси раҳбарлик қилиши ҳам катта ютуқдир.
Бир сўз билан айтганда бугунги саъй-ҳаракатларнинг барчаси мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллиондан зиёд опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб беришга йўналтирилгандир.
Сайёра Тиллахўжаева,
Азиза Ражабова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ўқитувчилари