Жамғарма кўмагида қуёш панеллари ўрнатилди
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, электр-энергиясини тежаш давр талаби. Бу борада ҳукуматнинг тегишли қарорлари ҳам қабул қилинган.
Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида дастлаб ижтимоий соҳа ташкилотларида босқичма-босқич муқобил энергия манбалари ўрнатилмоқда.

Бу хайрли ишларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, фонднинг Қамаши тумани бўлинмаси қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан тумандаги “Темир дафтар”га киритилган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларига бир фазалик қуёш панеллари ўрнатиб берилди.

– Ушбу хайрли ишдан жуда миннатдор бўлдик, – дейди тумандаги “Қўшкапа” маҳалласида яшовчи Алишер Оролов. – Бир нечта чироқ ёниб туради. Кам қувватли телевизорни ҳам ишлатади. Телефонларнинг қувватини тўлдиради. Улар орқали хонадонимизга янги нур киргандек бўлди. Чироқ ўчганини пайқамаймиз ҳам.
Ўлмас Баротов,
ЎзА