Жаҳон савдо ташкилотининг низоларни ҳал қилиш тизими
Иқтисодиётни ҳаракатлантирувчи куч – бу экспорт, импорт операциялари ҳисобланади.
Дунё савдо бозорида иштирок этиш учун эса кескин рақобатга, бошқача айтганда, савдо урушига чидашга тўғри келади.
Бу эса ўз-ўзидан Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг қоидаларига асосланган низоларни ҳал қилиш тизимидан хабардор бўлишни тақозо қилади.
1995 йилдан буён ЖСТнинг низоларни ҳал қилиш тизими халқаро иқтисодий муносабатларда ҳуқуқ устуворлиги бўйича ноёб тажриба бўлиб келмоқда.
Судьялар олий мактабида ташкил этилган семинар-тренингда шу ҳақда сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, БМТ Тараққиёт дастури ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан Жаҳон савдо институти ва Берн университети билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда тингловчилар “Жаҳон савдо ташкилотининг низоларни ҳал қилиш тизими”, “Инвестор ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал қилиш” мавзуларида маърузалар тинглади.
Жаҳон савдо институтининг ўқув ишлари бўйича директори ҳамда Берн университети юридик факультетининг профессори Петер Ван ден Бош ва Жаҳон савдо институти катта илмий тадқиқотчиси ва маърузачиси Родриго Поланко машғулотларни видео-конференция воситасида масофадан олиб борди.
Тингловчилар халқаро савдо муносабатларида қонун устуворлигининг аҳамияти ва қонун устуворлигини таъминлашда қоидаларга асосланган, мустақил ва холис низоларни ҳал қилиш механизмининг аҳамияти, ЖСТ ҳуқуқининг давлатлар ички қонунчилигидаги ўрни ва бунда миллий судларнинг роли, халқаро низоларни ҳал қилишнинг бошқа тизимлари билан таққослаганда ЖСТнинг низоларни ҳал қилиш тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунчага эга бўлди.
Демак, ЖСТнинг низоларни ҳал қилиш жараёни тўртта асосий босқични ўз ичига олади: низолашаётган томонлар ўртасида ўзаро келишилган қарорга эришиш учун мажбурий маслаҳатлашувлар; ҳайъат томонидан низоларнинг кўриб чиқилиши; апелляция тартибида низони кўриб чиқиш; қабул қилинган тавсиялар ва қарорларнинг кучга киритилиши ва мажбурий ижрога қаратилиши.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА