Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида Улан-Батор шаҳрида ўтказилган “Ипак йўли дурдонаси” туризм форуми ҳам жаҳон матбуотида кенг ёритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг ҳамкори – Мўғулистон миллий ахборот агентлиги (MОНТСАМЭ)да ушбу форум икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга хизмат қилиши ёзилди.

– XIII асрда Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби шаҳарлар маданият, дин, санъат ва меъморлик марказига айланган эди. Шу тарихий мерос асосида 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатган Ўзбекистон ва Мўғулистон бугунги кунда туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ниятида, – дейилган мақолада.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Ипак йўли туризми” халқаро ярмаркасида иштирок этиш, туроператорлар учун танишув турларини ташкил этиш ва тажриба алмашиш масалаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбарининг Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида Жанубий Кореянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам Ўзбекистон–Мўғулистон икки томонлама муносабатларига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.
“Diplomacy Journal” журналида чоп этилган мақолада Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилгани айтилган.

– Кейинги йилларда Ўзбекистон – Мўғулистон сиёсий мулоқотининг фаоллашгани кузатилмоқда. Мўғулистон Президенти 2022 йилда ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этганди. Ўзбекистон ва Мўғулистон раҳбарлари 2023 йил 1 декабрь куни Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида ҳам учрашди, – дея эсга олинади Президентлар учрашувлари.
Ухнаагийн Хурэлсухнинг 2024 йил июнь ойида Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи ҳам нашр эътиборига тушди. Икки давлат раҳбарларининг самарали музокаралари якунлари бўйича Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот, шунингдек, 14 та ҳукуматлараро ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.
“The Korea News Plus” онлайн-янгиликлар нашри Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратди.
Мақолада таъкидланганидек, 2019-2024 йилларда товар айирбошлаш миқдори 10,5 баравардан ортиқ – 1,9 миллион доллардан 20,4 миллион долларга ошган. Шу билан бирга, Ўзбекистон экспорти 1,5 миллион доллардан 15,1 миллион долларга, импорт эса 519 минг доллардан 5,31 миллион долларга кўпайган.
Биргина 2024 йилнинг ўзида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 46,8 фоизга, экспорт ва импорт ҳажми эса 47 фоизга ўсди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ
тайёрлади.
ЎзА