Жаҳон кубоги тақвими билан танишинг
Жорий йилнинг 15-17 апрель кунлари пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан ўтказилаётган ушбу мусобақада Ўзбекистон, АҚШ, Aвстралия, Озарбайжон, Болгария, Колумбия, Буюк Британия, Грузия, Германия, Италия, Қозоғистон, Латвия, Янги Зеландия, Словения, Aрманистон каби давлат вакиллари ғолиблик учун куч синашади.
Ўзбекистон бадиий гимнастика федерацияси мусобақа тақвимини эълон қилди. Унга кўра, 15 апрель – мусобақанинг биринчи куни бўлиб, баҳслар старт олади ва турнирнинг очилиш маросими ўтказилади. 16 апрель куни иштирокчилар кўпкураш баҳсларида (якка ва гуруҳ машқлари) рақобатлашиб ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади ҳамда улар тақдирланади.
Шунингдек, 17 апрель куни гимнастикачилар алоҳида йўналишларда чиқиш қилади ва улар ўртасида энг юқори балл тўплаган спортчилар шарафига тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Жаҳон кубогининг сўнгги куни ёпилиш маросимида гала-концерт ўтказилади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА