Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқини тинглаб, кўнглимдан ўтганлари…
2025 йил 2 апрель. Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси раҳбари Саида Мирзиёева “Теlegram” каналида шундай ёзган эди:
ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасидаги келишув имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Самарқанд энди расман Бош конференциянинг 43-сессияси ўтказиладиган жой сифатида белгиланди. Бу биз учун катта шараф ва масъулиятдир, негаки сўнгги 40 йил давомида ушбу конференция Париждан бошқа ерда ўтказилмаган. Бу ижодий индустриянинг машаққатли меҳнати, халқ дипломатияси ва энг юқори даражадаги келишувлар самарасидир. Бу – жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатимиз очиқлиги, ўзига хос анъаналари ва маданий мероси, бой тарихи, мусиқаси, адабиётига катта қизиқиш билан қараётганидан далолат. Биз маданият ва санъат воситасида мамлакатимизни халқаро майдонда тарғиб этмоқдамиз, дунё аҳлига янада яқинлаштирмоқдамиз. Бу алоқалар бевосита иқтисодий натижаларга уланиб, қўшма лойиҳалар ва умумий ғояларга айланмоқда.
Хуш келибсан, ЮНЕСКО! Самарқандда учрашгунча!
2025 йил 30 октябрь. Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тантанали очилди.
Дунё нигоҳи яна Самарқандга қаратилди. Самарқанд жаҳоннинг сиёсий, маданий, тарихий пойтахти сифатида ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда.
Самарқанд тарихларни, тақдирларни, ўзгартиришга қодир буюк кент.
Самарқанд дунё тарихида муҳим ўрин тутадиган, қарорлар қабул қилинадиган қароргоҳ.
Самарқанд бутун дунёга тинчлик таратадиган, тотувликка ундайдиган, тенгликка чақирадиган буюк манзил.
Самарқанд урушларга хотима ясайдиган, зиддиятларга барҳам берадиган, барқарорликка эришадиган улуғвор шаҳар.
Бу ҳақиқатлар бугун Президентимизнинг тарихий нутқида ҳам яна бир бор намоён бўлди: Конференциямиз сўнгги 40 йил ичида илк бор ЮНЕСКО Бош қароргоҳидан ташқарида – кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд заминида бўлиб ўтмоқда. Бу бизга албатта катта ифтихор бағишлайди.
Бир пайтлар Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни куч ва қудрат билан дунё марказларидан бирига айлантирган эди.
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандни жаҳон дипломатиясининг энг улуғ манзилларидан бири бўлишига эришмоқда.
Давлатимиз раҳбари нутқида алоҳида қайд этганидек: Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий-сиёсий иродаси билан Ўзбекистонда бугун очиқлик сиёсати тамойилларига тўла амал қилинмоқда.
Ўзбекистон тинчлик, тараққиёт, барқарорлик, сўз эркинлиги, демократик тамойилларга содиқлигини амалда намоён этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра оладиган сиёсати туфайли Марказий Осиёнинг тинчлигига, тотувлигига, ҳамкорлигига эришилди.
Ўзбекистон раҳбари сўзда эмас, амалда буни бутун дунёга кўрсата олди. Нутқда айтилганидек: Нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси, деб қабул қиламиз.
Тарих шафқатсиз. У ўз даврида яратилади. Тарихни ўзгартириш, сохталаштириш, ҳеч қачон ижобий натижа бермаган.
Биз авлодларга улуғ тарих қолдирган аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Бир пайтлар айнан Самарқандда жаҳон илм-фанининг буюк кашфиётлари яратилган.
Самарқанд нафақат муқаддас қадамжолари, балки дунё илм-фаннинг энг юқори нуқтаси, чўққиси бўлганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур: Бу қадимий кент азалдан башариятнинг буюк кашфиётлари бешиги, илм-фан, адабиёт ва маданият гуллаб-яшнаган маскан бўлган. Биргина мисол. Улуғ ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона гумбазлари остида ноёб юлдузлар жадвали яратилган. Бу жадвал кейинчалик Коперник ва Кеплер каби машҳур олимларнинг илмий кашфиётлари очилишига хизмат қилгани тарихдан яхши маълум.
Мирзо Улуғбекнинг давомчиси, вориси Али Қушчи бундан сал кам олти аср илгари Самарқанддан Истанбулга бориб, бугунги кунда дунёга машҳур бўлган Истанбул университетининг тамал тошини қўйганлиги ҳам фикримиз далилидир.
Самарқандимизнинг мезбонлик мавқейи тобора юксалаётганлиги, жаҳон халқларини ўзига чорлаётганлиги бизнинг зиммамизга катта масъулият юклашини унутмаслигимиз керак.
Самарқанд ЮНЕСКОнинг 40 йиллик тарихини анъаналарини ўзгартира олганлиги ҳар биримизга фахр-ифтихор бағишлайди.
2016 йилгача биз халқаро институтлар эшигига борган бўлсак, бугун дунё бизга интилмоқда. Дунё ўзаро мулоқот қилишга бизни муносиб кўрмоқда. Бунга Президент Шавкат Мирзиёевнинг жуда катта меҳнатлари, машаққатлари билан эришганлигимизни унутмаслигимиз керак.
Президентимиз нутқида таъкидланганидек: Биз ЮНЕСКОнинг олижаноб ва эзгу мақсадларига қатъий содиқ эканимизни яна бир бор таъкидлаймиз. Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида уйғунлик кўприги, барча учун очиқ ва конструктив ҳамкорлик майдони бўлишга ҳамиша тайёр.
Ўзбекистон раҳбари ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессия иштирокчилари ҳукмига бир қатор долзарб, муҳим таклиф ва ташаббусларини ҳавола этди.
Инклюзив таълимни ривожлантириш ва соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг қўллаш борасида ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим платформасини жорий этиш ғояси илгари сурилди.
Жисмоний ва ижтимоий чекланишлардан қатъий назар ҳар бир болага таълим олиш имконияти яратилиши шарт ва зарурдир. Бу борада ташаббусни ЮНЕСКО ўз қўлига олиши халқаро миқёсда мазкур муаммони ечилишини тезлашишига олиб келади.
Бугунги дунёни сунъий интеллектсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сунъий интеллектнинг ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб келаётганлиги бор гап. Бундай вазиятда нима қилмоқ керак?
Президентимиз ўз нутқида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунали лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканлигимизни билдирди. Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий тадқиқот институтлари олимлари иштирокида сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро анжуман ўтказишни таклиф этди.
Менинг назаримда, сунъий интеллект бўйича жуда кўп фик-мулоҳазалар билдирилаётган бир даврда, сунъий интеллект этикаси зарурати ҳақида биринчи бўлиб Президентимиз гапирди.
Сунъий интеллект этикаси жуда зарур ва муҳим. Бусиз мумкин емас. Чунки, ҳар қандай езгуликни ўз мақсадларига бўйсундирувчи кучлар албатта бор. Буни унутишга ҳаққимиз йўқ.
Президентимиз Жаҳон номоддий маданий меросини сақлаб қолиш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурди. ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш муҳимлигига ҳам алоҳида тўхталди. 19 ноябрни “Ҳужжатли мерос халқаро куни” деб эълон қилиш таклифини билдирди.
Менинг назримда, ЮНЕСКО ташкилоти бу борада муҳим қадамлар ташлаши кераклигини ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда. Минг афсуски, урушлар, зиддиятлар, айирмачиликлар туфайли жаҳоннинг жуда кўп номоддий, маданий мероси йўқолиб кетаётганлиги ёки кимларнингдир шахсий мулкига айланаётганлиги ғоятда ачинарлидир. Инсоният яратган номоддий маданий меросни сақлаш йўлида замонавий усуллардан фойдаланиш замон талаби.
Президентимиз нутқида Бухоро ҳунардмадчилик бўйича ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғининг аъзоси эканлигини айтиб, бу қадимий шаҳарда 2027 йилда мазкур йўналишда халқаро конгрессни қабул қилишга тайёрлигимизни билдирди.
Президентимизни тарихий нутқида иқлим инқирозига қарши биргаликда курашиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганлиги қайд этилди. “ЮНЕСКОнинг экологик пойтахти” глобал ташаббуси илгари сурилди.
ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқиш тарафдори эканлигимизни билдирди. Мазкур масала бўйича Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказишга чақирди...
Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳар бир ташаббус, таклиф, менинг назаримда, ЮНЕСКО ташкилотининг келгуси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Мазкур ташкилотда Ўзбекистоннинг нуфузи ўрни мустаҳкамланишига асос бўлади.
Нафақат Самарқанд, балки Бухоро, Хива каби шаҳарларимизга ҳам ЮНЕСКОнинг эътибори янада ортишига олиб келади.
Янги Ўзбекистон ва унинг Президенти илгари сураётган ғоялар дунёга чиқаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.