Жаҳон чемпионатида зафар қучганлар тақдирланди
Хабар берганимиздек, дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Босния ва Герцеговина ҳамда Эквадорда ўтган жаҳон чемпионатларида юксак натижаларни қайд этди.
Мазкур жаҳон чемпионатларида юртимиз спорт шуҳратини улуғлаган дзюдочиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Байрамона тарзда ўтган тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари Азизжон Комилов ва Шерзод Тошматов, мураббийлар, дзюдочилар ҳамда уларнинг ота-оналари юртимизда спортчиларга яратилаётган шарт-шароитлар ютуқларга омил бўлаётганлигини эътироф этишди.
Эслатиб ўтамиз, Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги ўсмирларимиз дунё биринчилигида 1 та олтин, 4 та кумуш, 3 та бронза медали билан 60 та давлат орасида 4-ўринни эгаллаган бўлса, жамоавий баҳсларда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси илк бор бронза медалини қўлга киритди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси эса жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида кучли бешликдан жой олди.
Т.Рўзиев, ЎзА