ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионати баҳслари қизғин паллага кириб бормоқда.
Кеча 9 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасидаги дунё биринчилиги ҳамда 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчилари рапид йўналишидаги баҳсларни тугатдилар.
Афруза Ҳамдамова рапид бўйича ўтказилган баҳсларда 9 имкониятдан 6 очко жамғара олди. Умида Омонова эса 5 очко билан мусобақани якунлади. Муҳиддин Мадаминов ўз гуруҳида 6 очко тўплади. Ҳумоюн Бекмуратов билан Муҳаммадзоҳид Суяровда эса 5,5 очкодан.
Бугун шахматчилар дам олади. 6 август куни эса блиц йўналишидаги баҳслар бошланади.
Жаҳон чемпионати дунёнинг Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Испания, Венгрия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Нигерия, Словения, Россия, Тожикистон, Туркманистон, БАА, АҚШ давлатларидан келган 300 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун дона сураётгани билан аҳамиятлидир.
[gallery-18579]
Мазкур нуфузли мусобақада Муҳиддин Мадаминов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов, Алмаз Раҳматуллаев, Асроржон Омонов, қизлар орасида эса Афруза Ҳамдамова, Гулдона Каримова, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Озода Шаҳзодова, Гулхумор Нажмиддинова, Моҳизода Мухсинова каби кўплаб иқтидорли вакилларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Жорий йилнинг 7 август куни ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА