Жаҳон чемпионати финалида 5 нафар боксчимиз рингга кўтарилади
Польшада давом этаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ярим финал жанглари бўлиб ўтди.
Унда вазни 52 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида ўтган ярим финал баҳсида ҳамюртимиз Шаҳзод Музаффаров украиналик Руслан Цикалога қарши жанг қилди ва ишончли ғалабани қўлга киритди. 81 килограммгача вазнда Шоҳжаҳон Абдуллаев Черногория вакили Питер Лижесевичдан устун келиб, олтин медаль учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Шунингдек, Жаҳонгир Зокиров, Нигина Ўктамова ҳамда Моҳинабону Абдуллаева ўз вазн тоифаларида ғалаба қозониб, чемпионатнинг сўнгги ҳал қилувчи босқичига йўл олди.
Жаҳон чемпионатининг ярим финалида бироз омад етишмаган Дилфуза Бекова, Ситора Турдибекова, Соҳиба Рўзметова, Ҳадичабону Абдуллаева, Аълохон Абдуллаев каби боксчиларимиз бронза медали билан тақдирланадиган бўлди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА