Жаҳон чемпионати фақат кучлиларни аниқлаш майдони эмас
Спорт ва бизнес доимо муштараклик касб этади. Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари давомида ҳар икки йўналишнинг қанчалик бир-бирига боғлиқлиги янада ёрқинроқ намоён бўладики, мусобақаларнинг бош ҳомийси, унга сарфланган маблағ ёки олинадиган даромад жиҳатлари кўпчиликнинг эътиборини тортади.
Тошкентда дзюдо бўйича ўтаётган 35-жаҳон чемпионатининг иқтисодий ва ижтимоий фойдаси, мамлакатимиз спорт туризмига қанчалик таъсир кўрсатаётгани хусусида икки оғиз. Дарҳақиқат, ушбу тарихий жаҳон чемпионатининг Ўзбекистон пойтахтида ташкил этилаётгани юртимиз спорт шуҳратини дунёга янада кенг танитишда муҳим омил бўлмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, дунёнинг 100 дан зиёд давлатида шиддатли беллашувлар тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда. Бундан ташқари унинг теграсида ўтказилаётган учрашувлар, тадбирлар юртимизга спорт соҳасида хорижий инвестиция кириб келишига замин яратмоқда.
Ўтаётган ҳафтада пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида ташкил этилган Дзюдо — халқаро иқтисодий форумида 120 га яқин маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар қатнашгани, Ўзбекистон иқтисодиёти ва спорт тизимига чет элнинг илғор инвестицияларини жалб қилиш бўйича бир қатор музокаралар ўтказилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.
Муҳими, давом этаётган жаҳон чемпионати туфайли айрим тармоқларга жалб этиладиган инвестицион лойиҳаларнинг тамал тоши қўйилди. Хусусан, мазкур иқтисодий форумда фаол иштирок этган Канаданинг “Condor Energies Inc” компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг жисмоний тарбия ва спорт тизимига инвестиция киритишга қизиқиш билдирилган.

Шу муносабат билан Спортни ривожлантириш вазирлигида “Condor Energies Inc” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда форум давомида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилди ва икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, спорт соҳасига инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, хорижий компания вакиллари томонидан Ўзбекистонда спорт соҳасига инвестиция киритиш ва спортни янада ривожлантириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Спортни ривожлантириш вазири А.Икромов билдирилган таклиф ва ташаббуслар учун миннатдорлик билдириб, бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Тошкент татамиларидаги баҳслар доирасида юқорида айтилган амалий ва ижобий саъй-ҳаракатлар рўй бермоқдаки, барчасини илғаш, кўламини тасаввур қилиш осон эмас. Лекин унинг тафтини йиллар ўтгани сайин янада теранроқ англашимиз шубҳасиз.
Асосийси, 35-жаҳон чемпионати 80 дан ортиқ мамлакатнинг минг нафардан зиёд спортчи, мураббий ва мутахассисларини Тошкентга бир мақсад, бир орзу – дунёда ўз салоҳиятини намойиш этиш учун жамлади. Бу, жаҳондаги шунча мамлакат ва уларда умргузаронлик қилаётган оилаларда, юзлаб жамоаларда, халқаро ҳамжамият орасида кун ора Ўзбекистон номи ёд этилиши, эътироф қилинишидан далолатдир.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА