Жаҳон бокси юлдузлари иштирокидаги чемпионат бошланмоқда
8 декабрь куни пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бокс бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиблари, қитъа чемпионатларининг совриндорлари иштирокида эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланади.
Бугун, 7 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасида чемпионат олдидан матбуот анжумани, техник комиссия йиғилиши ҳамда қуръа ташлаш маросими ташкил этилди.

Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев, эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расулов, терма жамоа мураббийлар штаби аъзоси, кубалик Хуан Энрике иштирок этган анжуманда чемпионатни ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш борасидаги тайёргарлик жараёнлари, мусобақада қатнашадиган боксчилар, баҳсларни бошқариб борадиган ҳакамлар, жанглар жараёнида шаффофликни таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.
Журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида мутахассислар чемпионатда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Миразизбек Мирзахалилов, Дилшодбек Рўзметов, Лазизбек Муллажонов каби номдор боксчилар қатнашиши, қитъа чемпионати совриндорлари Мадиёр Саидраҳимов, Руслан Абдуллаев, Абдумалик Халаков Осиё чемпионатида олинган жароҳатлари сабабли иштирок эта олмаётганликлари, спортчиларнинг саломатлиги энг муҳим жиҳатлигини таъкидлади.

Чемпионатда мусобақанинг энг яхши боксчисига тақдим этиладиган "Руфат Рисқиев кубоги", ғолиб ва совриндорларга бериладиган медаллар Токио Олимпиадаси медаллари тайёрлаган компания томонидан ишлаб чиқилди. Шоҳсупага кўтарилган ҳар бир боксчи маълум миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланиши, жангларни Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларини бошқариб келаётган 10 нафар хорижлик реферилар назорат қилиши айтиб ўтилди.
Жангларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш Ўзбекистон бокс федерацияси мутахассисларининг доимий назоратида бўлади. Мусобақалар давомида IBAнинг тажрибали инструкторлари Эндрью Коулфильд, Золтан Жалма, Ўзбекистон бокс федерацияси ҳакамлар қўмитаси раиси Бекжон Юсупов раҳбарлигида юртимизнинг бокс ҳакамлари учун икки кунлик амалий ва назарий семинар ташкил этилади.

Матбуот анжуманидан сўнг Ўзбекистон чемпионатида баҳоловчи ҳакам сифатида қатнашадиган хорижлик мутахассилар иштирокида техник митинг ташкил этилди. Техник митинг якунланганидан кейин Ўзбекистон чемпионатига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионати жанглари эртага бошланиб, 14 декабрга қадар давом этади.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА