Жаҳон банки вакиллари Бухорода
Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистонда “COVID-19” коронавирус инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш ва шошилинч, тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш” лойиҳаси бўйича зарур ўрганишлар олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳа директори ўринбосари Сардор Низомов ҳамда экологик ва социал ҳимоя масалалари бўйича мутахассиси Зулфия Ғаффоровалар Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали фаолиятини ўрганди. Бу жараёнда бевосита Жаҳон банки ҳомийлигида филиалга келтирилган тиббий ускуналардан қай даражада фойдаланилаётгани, иш самарадорлиги, даволаш-диагностикада эришилаётган ютуқларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, филиалда муайян билим ва кўникмани тақозо этадиган тиббий аппарат ва ускуналардан тўғри фойдаланишда тиббиёт ходимлари тажрибаси ва касбий маҳоратига баҳо берилди. Шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари фикр-мулоҳазалари, таклифлари эшитилди.

Жаҳон банки вакиллари филиал директори Тоҳир Мусаев ҳамроҳлигида Ромитан, Вобкент ва Қоракўл туманларидаги туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида ҳам бўлди. Фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг илмий ва касбий салоҳияти билан қизиқди. Даволаш-профилактика ишларининг натижадорлиги, қолаверса, тиббиёт муассасаларида яратилган шароит, моддий-техник таъминоти билан яқиндан танишди. Ҳар бир ўрганилган манзилда тиббиёт мутахассислари мулоҳаза ва таклифлари ёзиб олиниб, лойиҳага доир зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, ЎзА