Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Бухоро вилоятида учта туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази ташкил топди ва уларни моддий-техника базасини ривожлантириш учун уч босқичли дастур қабул қилинди.
Биринчидан, туманлараро ихтисослаштирилган даволаш муассасаларининг кўпайтирилиши (Вобкент, Ромитан, Қоракўл туманларида) натижасида сифатли координацион тиббий ёрдам санавиация йўналишидаги чақириқлар сони 30 фоизга камайишига эришилди. Вилоятнинг аҳолиси тўлиқ ихтисослашган диагностик, даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Янгидан ташкил топган қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари учун 50 нафардан зиёд тор доирадаги мутахассислар тайёрланди. Вилоятдаги мавжуд 9 та шаҳар ва туманлардаги “Emеrgency department” бўлимларининг сутка давомида ихтисослашган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш фаолияти такомиллашди.

Бу каби имкониятларни яратилишида ўзининг ўрни билан алоҳида эътиборга эга бўлган Жаҳон банки ташкилотининг бир гуруҳ вакиллари Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлди. Меҳмонлар ўтган йиллар даврида берилган замонавий юқори технологик сўнгги русумли тиббий аппаратура ва жиҳозлардан фойдаланиш жараёнларини ўрганди. Мазкур йўналишдаги имкониятлар ва қулайликлар тўғрисида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

– Давлат раҳбарининг ташаббуси билан филиал ва унинг субфилиалларини ривожланишида, аввало, Жаҳон банки ташкилоти ўз ҳиссасини қўшиб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз, – дейди филиал директори М.Ражабов. – Ушбу ташкилот томонидан Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиали, қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ва “Emеrgency department” бўлимларига 34 турдаги юқори технологик тиббий аппаратуралар берилган. Мазкур замонавий тиббий аппаратуралар ёрдамида шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг талаблари қондирилиб келинаётганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.


Учрашувда Жаҳон банки ташкилоти билан Республика Шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ўртасида истиқболли режалар амалга оширилишига келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.