Бухорода “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида республиканинг барча вилоятларидан туман, шаҳар бош имом-хатиблари қатнашмоқда.

Ғиждувон туманида ташкил этилган тарғибот тадбирида Дин ишлари бўйича қўмита маслаҳатчиси Илҳом Маърупов ватанни ҳимоя этиш, уни севиш ва эъзозлаш ҳар бир инсондан буюк маънавий жасорат талаб этишини таъкидлади. Бугунги кунда глобаллашувнинг шиддатли тус олиши дунё миқёсида ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг тобора авж олишига замин яратмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда маънавият ва маърифатга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз қайд этганидек: “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни, албатта, яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.

Навбатдаги учрашув Бухоро давлат университетида хотин-қизлар иштирокида бўлиб ўтди.

– Бир боланинг ютуғи – бутун юртнинг ютуғи, бир боланинг айби – бутун юртнинг айби, – деди ўз маърузасида Дин ишлари бўйича қўмита вакили Илҳом Маърупов. – Шундай экан, ҳар бир она боласини дунёга келтиргач аввало уни маърифатли, илмли қилиб тарбиялашга эътибор қаратмоғи лозим. Маърифатли фарзанд тарбиялаш учун эса аёлларнинг ўзи зукко, зиёли, илмли бўлиши даркор.

Тарғибот тадбирларида ана шундай ғоялар илгари сурилмоқда. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, эр-хотин, қайнона-келин ва бошқа қариндошчилик муносабатларида соғлом муҳитни шакллантириш, жаҳолат қурбони бўлаётган ёшларни тўғри йўлга бошлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда, бозор ва бошқа муассасаларда бир ҳафта давомида ўтказилади.
Зариф Комилов, ЎзА