Жадидлар кутган даврлар келди (+видео)
Улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 149 йиллигига бағишланган - “Маҳмудхўжа Беҳбудий публицистикаси ва жадид матбуотида ижтимоий-сиёсий масалаларнинг ёритилиши” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа очиб берди. Тадбирда, шунингдек, Туркий тилли давлатлар журналистлар уюшмаси, Туркия телерадио ташкилоти, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби қатор олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи-мутахассислар қатнашди.
Жадидчилик ҳаракати намоёндалари, хусусан, улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий халқ тақдири, фаровон ҳаёти ҳамда юрт тараққиёти учун мураккаб тарихий даврда жаҳолатга қарши маърифат, янгича дунёқараш билан курашди. Шу боис, мамлакатимизда маърифатпарвар аждодларимизнинг жасоратли ҳаёт йўлларига назар ташлаш, улар қолдирган бой маънавий меросни ўрганишга, таваллуд саналарини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда улуғ аллома ҳаёти ва ижодига оид ҳужжатли филмлар, асарлар яратиш, замонавий спектаклларни саҳналаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани айтилди.
Мазкур конференция ЎзЖОКУ “Медиа назарияси ва амалиёти” кафедраси ташаббуси билан анъанага мувофиқ ўтказилмоқда. Асосий мақсад юртимизда масс-медиа соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини сифати ва самарадорлигини ошириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, миллий матбуотнинг етакчи сиймоси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг нодир манбааларини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида ўрнатилган илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/0SKfsXvj3BA" title="Jadidlar kutgan davrlar keldi (+video)" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА