Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жадидлар илмий мероси, миллий ўзликни англаш тарихи борасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти олимлари томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Эътироф этилганидек, кейинги йилларда тарихимизни борича ўрганиш, жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўлини кенг миқёсда тадқиқ этиш масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти мазкур йўналишда катта ҳажмдаги тадқиқотларни олиб бораётгани эътиборга моликдир.
2021-2023 йиллар давомида Фанлар академияси Тарих институтида Jadidlar.uz платформаси яратилди. Ушбу маърифий лойиҳанинг асосий мақсади – XIX аср охирида Россия империясининг мустамлакачилик сиёсатига қарши Турон халқини бирлаштиришга ҳаракат қилган, миллий озодлик ҳаракатининг ғоявий асосчилари бўлмиш жадидларнинг ҳаёти, фаолияти, илмий ва маънавий меросини кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборатдир.
– Жадидчиликка оид тадқиқотларни ёшларга етказмасак, бу изланишларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, – деди академик, таниқли тарихчи олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё. – Имкон қадар жадидларнинг кўпчилиги бўйича маълумотларни жамлашга ҳаракат қилдик. Кўплаб олимлар, экспертлар, Миллий архив, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлигининг архивлари, Шарқшунослик институтининг олимлари, хорижий илмий муассасаларнинг олимлари бу жараёнда фаол қатнашдилар. Жадидчилик ҳаракати бошқа давлатларда ҳам бўлган, бироқ бизнинг диёримиздаги жадидчилик ҳаракати ўз қамрови, мазмун-моҳияти, аҳамияти, мақсад-муддаолари билан аҳамиятли ва бетакрордир. Бу чиндан ҳам миллий ҳаракат, халқ ҳаракати эди. Тасаввур этинг, фақат Бухоронинг ўзида 3 мингдан ортиқ жадидчилик ҳаракати вакиллари фаолият кўрсатган. Қўлимизга келиб тушган барча маълумотлар пухта ўрганилмоқда. Архивларда бу даражада кўп маълумотлар борлигини тасаввурга ҳам сиғдира олмадик.
Анжуманда таъкидланганидек, Jadidlar.uz платформасига 245 нафар жадид маърифатпарварнинг исми-шарифи киритилди. Улардан 172 нафар жадиднинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар келтирилган. Шунингдек, жадидларнинг тарихи, тил, адабиёт, санъат ва бошқа йўналишлардаги мақола ва асарларини изоҳли рўйхати шакллантирилиб, барча аниқланган материаллар ушбу платформага жойлаштирилди.
Олиб борилган илмий изланишлар натижасида икки мингга яқин мақола, адабиёт ва илмий мақола жамланиб, уларнинг таҳлили асосида Туркистон жадидчилиги адабиётшунос, тилшунос мутахассислар томонидан кенг қамровли ўрганилгани, таниқли жадид намояндаларининг асарлари нашр этилганлиги аниқланди. Айни пайтда шундай хулосага келиндики, жадидчилик ҳаракати борасида бу жараён ҳали ҳануз тўлиқ ўрганилмаган экан. Мазкур йўналишда ҳали қанчадан қанча илмий изланишлар ўз ечимини кутмоқда.
Платформани яратиш асносида Туркистонда яшаб, ижод қилган жадидлар ҳақидаги кутубхона, архив ҳамда музей фондларида сақланаётган барча турдаги маълумотлар, мақола, рисола, аудио-видео, фотоматериаллар, жадидларнинг шахсий буюмлари, уларга оид ҳужжатлар, маълумотлар аниқланиб, электронлаштирилди. Айтиш керакки, Фанлар академияси тарих институти томонидан маърифатпарвар боболаримизнинг маънавий мероси, улар фаолиятига оид манба ва ҳужжатлар, жадидларнинг тарих, тил, адабиёт ва бошқа йўналишдаги асарларининг изоҳли луғати тузилди, таснифланди, тарихий қиймати ўрганилди. Жадидлар ҳаёти, фаолиятига оид мақолалар, ҳужжатлар, бошқа материаллар аниқланиб, электронлаштирилди. Жадидларнинг «Ойина», «Самарқанд», «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона», «Нажот», «Инқилоб», «Ҳақиқат», «Маориф ва ўқитувчи», «Иштирокиюн», «Туркистон», Қизил Ўзбекистон», «Меҳнаткашлар товуши», «Фарғона» каби газета ва журналларда чоп этилган тарихий, адабий-илмий-лингвистик йўналишдаги мақолалари тадқиқ этилди. Даврий нашрлардаги жадидлар қаламига мансуб араб ва лотин имлосидаги мақолалар жорий имлога (табдил) ўтказилиб, уларнинг электрон базаси яратилди, шу асосида мақолалар чоп этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА