Ватанимиз тарихидаги 12 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1873 йил (бундан 152 йил олдин) – Хива хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II нинг мамлакатдаги барча қулларни озод қилиш, хонликда қул меҳнатини тугатиш тўғрисидаги фармони эълон килинди. Мазкур фармон хон амалдорлари томонидан дарҳол ижро қилиниб, куллар озод этилди. Хоннинг бу фармонини жарчилар Хива кўчаларида ва хонликнинг бошқа қалъаларида, бозорларида ўқиб, халққа етказдилар. Шундан кейин хонликдаги қулларнинг асосий қисми ватанларига кетиб, хонликда қолганлари эса уйли, ерли, мулкли бўлиб, мамлакатнинг ерли фуқаролари бўлиб қолдилар.
1886 йил (бундан 139 йил олдин) – Россия императори томонидан Туркистонда миллий давлатчиликнинг барча кўринишларини тугатишга ва рус идора услубини жорий этишга қаратилган “Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида”ги Низом тасдиқланди.
1893 йил (бундан 132 йил олдин) – Бухоро амири Абдулаҳадхон Шаҳрисабзда Исмоил Гаспринский ва Мажид Ғанизодани қабул қилиб, Исмоилбекка ташрифи учун миннатдорчилик билдирди. Маълумот ўрнида қайд тиш жоизки, 1893 йилнинг феврал ойида амир Боғчасарой, сўнгра Севастополь шаҳрига боради ва у ерда Исмоилбекни қабул қилиб, суҳбатлашади ҳамда уни Бухорога таклиф қилади. Амирнинг Бухорога таклифини мамнуният билан қабул қилган Исмоилбек Бухорога биринчи сафари олдидан “Таржимон” газетасида амирликка оид мақолалар босади. Буларда Абдулаҳадхонни “Маърифатли амир”, “Бухоро ҳаёти ва давлат бошқарувини ислоҳ қилишга интилаётган ёш амир” сифатида таърифлайди. Исмоилбек 1893 йилги Бухоро амирлигига қилган саёҳати таассуротлари асосида “Туркистон саёҳатлари” номли асарини ёзади.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Бутун Туркистон мусулмонларининг биринчи қурултойида ташкил этилган Миллий марказнинг 12 июндаги йиғилишида барча жамият ва уюшмаларнинг Марказий мусулмон депутатлари Шўросига бўйсуниши ҳақида Низом қабул қилинди. Марказнинг мақсади халқнинг энг қуйи қатламларига тўлиқ ҳуқуқ бериш ва Туркистон мусулмонларини маданий, илмий, иқтисодий ва ғоявий ривожлантиришдан иборат эди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг шу куни бўлиб ўтган Илмий кенгашида Навоий асарларининг илмий-танқидий матнини яратиш масаласи муҳокама қилинди. Йиғилиш Навоий асарлари матнини араб ёзувида нашрга тайёрлаш зарур, деган қарорга келди. Проф. А.А.Рамаскевич Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, А.Н.Кононов “Маҳбуб ул-қулуб”, Х.Г.Рафиқов “Мезон ул-авзон” асарларини нашрга тайёрлаш ишлари қандай бораётгани ҳақида ахборот бердилар. Йиғилишда иштирок эта олмаган Е.Э.Бертельс эса ўша кунларда “Муҳокамат ул-луғатайн”нинг илмий-танқидий матнини тугатиш арафасида эди.
Бу олимлардан ташқари, россиялик шарқшунос-таржимонлар ҳам Навоий асарларини рус тилига таржима қилишга катта иштиёқ билан киришган эдилар. Улар нонсиз, озиқ-овқатсиз қолганларига қарамай, ҳарбий қисм ва касалхоналарда, корхоналарда кўплаб ижодий кечаларни ўтказдилар, радио орқали аҳолининг тушкун руҳини кўтаришга ёрдам берувчи сўзларни айтдилар, шеърлар ўқидилар. Таниқли шоир ва таржимон В.Рождественский форс-тожик адабиётининг айрим намояндалари ижоди билан бироз таниш бўлган. Лекин Навоий ижоди унинг учун ҳали сир тўла олам эди. У ленинградлик олимларнинг улуғ ўзбек шоири ижоди билан шуғулланаётганларидан хабар топиб, шу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлади.
В.Рождественский Навоий ижоди билан танишгани сайин унинг жаҳон адабиётининг даҳо сиймоларидан бири эканини кашф эта боради. У дастлаб Навоий ижоди ҳақида мақола ёзмоқчи бўлади. Аммо дўсти Николай Лебедевнинг шоир ижодидан қилган таржималарини ўқиб, ўзи ҳам Навоий асарларидаги бадиий латофатни рус китобхонларига етказиш ишига киришади. Шу тарзда у шахсий ташаббуси билан ленинградлик олим ва таржимонлар сафига келиб қўшилади. Аммо кўп ўтмай, Рождественский ҳарбий хизматга чақирилиб, таржимонлик қаламини милтиққа алмаштиришга мажбур бўлади.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – уламолар Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Алимов, Акрамхон Тозихонов ва Мулла Содиқ Исломов Эшон Бобохон бошчилигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний марказини тузиш тўғрисида СССР Олий Совети Президиуми раиси номига мактуб жўнатди.
1946 йил (бундан 79 йил олдин) – актёр, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев таваллуд топди. У кинода “Шайтанат”даги Асадбек роли билан шухрат қозонган. Унинг ижоди ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмун ила йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради.
1957 йил (бундан 75 йил олдин) – Hавоий кон-металлургия комбинати бош директори, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов таваллуд топди. У билим вa маҳорати, истеъдодини севимли касби, илм-фан ва муносиб шогирдларни тарбиялашдек эзгу ишга бағишлаб, юрт равнақига хизмат қилишни ҳаётининг мазмуни деб билган инсонлардан биридир. Қувондиқ Санақуловнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишдаги катта хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнати муносиб тақдирланган. Жумладан, у 2004 йилда «Дўстлик» ордени, 2009 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими» фахрий унвони, 2011 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 2015 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган. Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида ҳам ўзига юклатилган вазифани виждонан бажариб келмоқда.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Наманган вилоятидаги Мингбулоқ конида ишга солинган биринчи қудуқдан саноат нефти олинди.
2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видео тасвирга олиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицейи ташкил этилди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА