Ватанимиз тарихидаги 29 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1500 йил (бундан 525 йил олдин) – Муҳаммад Шайбонийхон қўшини темурийларга қарашли Боқи Тархон қўшинини Дабусия қальаси ёнида тор-мор қилди ва пойтахт Самарқандга юриш бошлади.
1843 йил (бундан 182 йил олдин) – она томондан Қўқон хонлари, ота томондан Махдуми Аъзам авлодидан бўлган йирик тарихчи олим, маърифатпарвар Ҳакимхонтўра ўзининг “Мунтахаб ут-таворих” (“Йилномалар тўплами”) асарини ёзиб тамомлади. Мазкур асарда пайғамбарлар ҳақидаги ривоятлар, қадимги Эрон, Араб халифалиги, сомонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар ва бобурийлар даври тарихидан қисқача маълумотлар берилган. Шунингдек, Бухоро ва Қўқон хонликларининг ташкил топишидан бошлаб XIX асрнинг 40-йилларигача бўлган тарихи батафсил тасвирланган.
1873 йил (бундан 152 йил олдин) – Россия империяси Хивани эгаллади. Хива руслар томонидан ишғол қилинишидан олдин, бу ерда тўнтариш бўлиб, Муҳаммад Раҳимхон II ўрнида унинг укаси Отажон тўра хон деб эълон қилинган эди. Хива ишғол қилингандан сўнг Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман Муҳаммад Раҳимхон Ферузни яна тахтга ўтирғизди.
1909 йил (бундан 116 йил олдин) – жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили, ўзбек матбуотининг илк ташкилотчиларидан бири Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев рус ёзувчиси Лев Толстойга хат йўллади. У ўз хатида Толстойнинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Буюк адиб ёш ўзбек йигити мактубига жавоб ёзиб, Убайдуллахўжага йўллади. Бу ёш ўзбек йигитининг ақл-заковати улуғ ёзувчи эътиборини жалб қилганидан далолат беради. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Толстой нафакат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий иккинчи бор араб мамлакатларига саёҳатга отланди. Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, унинг саёҳат хотиралари ҳар жиҳатдан ғоят муҳим бўлиб, Беҳбудий уларни ўз журнали “Ойина”нинг 1914 йил сонларида кетма-кет бериб борди. Бу адабиётимиздаги анъанавий тарихий-мемуар жанрининг йигирманчи аср бошидаги ўзига хос намунасидир.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан ўзбек футболининг шуҳратини жаҳонга танитиш, халқаро майдонда унинг нуфузини юксалтиришда ибрат ва намуна кўрсатгани, миллий футбол мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Миржалол Қосимов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.
2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Ривожланиш мақсадларида бирдамлик Ислом жамғармасига кириши тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ангрен» махсус индустриал зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2015 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Маънавий ҳаёт» журнали таҳририятини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«112» ягона диспетчерлик хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА