Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жадид боболаримизнинг ҳуқуқий қарашлари қандай эди?

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрь куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, фуқароларни унда белгиланган эзгу қадриятлар атрофида бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, миллатимиз, маҳаллий аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда, Ватанимизнинг эркинлиги ва озодлиги йўлида фидойилик кўрсатишда жадид боболаримиз ибратдир. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, таниқли олима Дилноза Жамолова билан суҳбатимиз маърифатпарвар боболаримизнинг ҳуқуқий масалаларга ёндашуви, мазкур йўналишдаги қарашлари ва нуқтаи назарига бағишланди. 

– Дилноза Муйиддиновна, Туркистон жадидларининг янги усул мактабларини ташкил қилиши, миллий матбуот ва театрдаги фаолияти ҳақида кўп гапирилади ва ёзилади. Уларнинг сиёсий билимлари, қарашлари ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Шулар ҳақида гапириб берсангиз.

– Миллат ойдинлари ҳисобланмиш Туркистон минтақаси жадидлари юз йил олдин етишиб чиққан чинакам мутафаккирлар эди. Улар давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, молия, ер эгалиги, солиқ ва таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар олиб бордилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Исҳоқхон Ибратдек қозилик лавозимида фаолият кўрсатган тараққийпарварлар, Убайдулла Хўжаев, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби замонавий ҳуқуқий билимларни эгаллаган жадид боболаримиз нафақат маданият ва маърифатни юксалтириш, балки, сиёсий соҳалар, айниқса, қонунчилик, давлат тузиш борасида ҳам юксак тажрибага эга эдилар. 

Уч минг йиллик тарихга эга бўлган давлатчилигимизнинг илдизлари йигирманчи юз йиллик бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракатининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилди. Қадимда Турон заминидаги илк давлатлар давлатни бошқариш, тергов, суд-ҳуқуқ тизимини “Авесто”да белгиланган қонун-қоидалар ва тартиблар асосида амалга оширганлар. Илк ўрта асрларгача амалда бўлган “Авесто” қонуниятлари ўз ўрнини ислом дини шариат қоидаларига бўшатиб берди. Адолатлилик принципларига асосланган ислом дин нормалари Россия империяси босқинига қадар амалда бўлди. Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя” асари бутун дунё мусулмон давлатларида мукаммал ҳуқуқий китоб сифатида тан олинди. “Темур тузуклари” эса инсонийлик, адолатлилик ва қатъийлик акс этган “Давлат Қомуси” сифатида эътироф этилди. “Темур тузуклари”да давлат ҳокимияти ва идора органларининг тузилиши, уларнинг вазифалари, суд, ҳарбий ва молия тизимини тартибга солувчи бандлар ўз ифодасини топган эди. 

Жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакили Абдурауф Фитрат ХХ аср бошларида буюк соҳибқирондан “шарафи таланган, номус-эътибори, имон-виждони оёқ ости бўлган, юрти улоғи, ўчоғи ёт қўлларга тушган” авлод номидан паноҳ сўрагани” бежизга эмас эди. 

Туркистон ўн тўққизинчи юз йиллик охири – йигирманчи юз йиллик бошларида мустамлакачилик сиёсати оқибатида сиёсий, маданий, иқтисодий таназзулга юз тутди. Миллат ойдинлари Россия империяси, кейинчалик унинг вориси большевиклар ҳокимияти истибдодидан қутулиш, миллатни уйғотиш, сиёсий, иқтисодий, маданий, тараққиёт сари йўл очиш, халққа зиё тарқатиш мақсадида ислоҳотчилик дастурларини ишлаб чиқдилар. Ўз даврининг Конституцияси сифатида эътироф этса арзийдиган ушбу лойиҳаларни тайёрлашда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Абдурауф Фитратлар пешқадамлик қилдилар.

1907 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий 2-Давлат думасининг мусулмон фракциясига 9 бўлим, 75 банддан иборат “Туркистон маданий мухторият” лойиҳасини тақдим этган. Ушбу ҳужжат Туркистон халқлари манфаатларининг ифодаси бўлиб, унда давлат ишларини туркий тилда юритиш, миллий идоралар ташкил этиш ва унга туркий миллатга мансуб зиёлилардан аъзолар сайлаш қатъий белгилаб қўйилди. Россия империяси таркибидаги мустамлака давлатлар номидан Давлат думаси ўз билганича иш тутмаслиги, ҳар бир мамлакатнинг табиий, ижтимоий ва маданий шароитларидан келиб чиқиб қонунлар чиқарилиши кераклиги таъкидланди. 

– “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасида нималар кўзда тутилган эди?

– “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасининг биринчи бўлими “Давлат думаси хусусинда” бўлиб, унинг таркибига Туркистон аҳолиси сонига нисбатан вакиллар сайланиши лозимлиги ва улар ўз халқлари номидан иш кўришлари белгилаб қўйилиши кераклиги тавсия қилинди. Лойиҳада “Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идораси”ни тузиш, унинг таркибига туркистонлик саводли, шариат ва замондан хабардор кишиларни (идора раиси ва аъзолари) 5 йил муддатга сайлаш, шунингдек, ушбу вакиллик органи Тошкент шаҳрида жойлашиши белгилаб қўйилди. Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан тузилиши тавсия қилинган ушбу вакиллик органининг ваколатлари ва вазифалари кенг бўлиб, бугунги Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига тўғри келади.

“Туркистон қозилари хусусинда” бўлимида эса қозилик ва суд ишларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилди. Қозилар прокуратура идорасига эмас, Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идорасига бўйсуниши ҳамда доимий равишда унинг назорати остида фаолият олиб бориши кераклиги уқтирилди. 

Маҳмудхўжа Беҳбудий юқорида ташкил этилиши тавсия қилинаётган барча идораларнинг ходимлари олдига идора биносида ўтириб қоғоз тўлдириш эмас, халқ ичида юриб, уларнинг орзу-истакларини амалга ошириш вазифасини қўяди. Унинг “Бизни ҳозирги мансабдорларимизни хизмати фақат тўғрилик ва ёмонларни ушлаб тейишли жойиға топшурмоқ, подшоҳлик солиқларини вақтиға йиғиб бермоқ ва халқни тинч сақламоқдан иборатдур. Мундин бошқа хизматни ҳануз аксар миллий маъмурларимиз, яъни мактаб ва мадрасаларни янгидан очилмоқиға, эски ва янги мактаб ва мадрасаларни ва ўқилатурған русий, мусулмоний илм ва фунунни ривож топмоқиға қилинатурган саъй, юрулатурган йўлларни гўё билмайдурлар, ҳукумат ила раият орасиға фавқулодда хизматни кам қиладурлар, замони келса, билсалар ва қилсалар керак ва аммо замон ҳозирги замондур”, деган фикрлари бугун ҳам эскирмаган мавзу бўлиб, айрим давлат амалдорлари ва маҳаллий ҳокимларнинг қиёфасини кўрсатиб беради. 

Лойиҳада Туркистонда истиқомат қилиб келаётган бошқа дин ва миллат вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари белгилаб қўйилди. Маълумки, Турон заминига яшаш учун кириб келган яҳудийлар ва бошқа миллат вакилларидан жон солиғи олинган бўлиб, улар бир қатор чекловларга бўйсунишга мажбур бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда яшаб турган хорижий фуқаролар ва бошқа дин вакиллари ўз урф-одатларига амал қилиб, байрамлари ва анъаналарини ўтказишлари мумкинлиги, аммо шариат қонунларига ҳурматда бўлишлари кераклигини уқтирган. Миллат ойдинининг диний бағрикенглик ва толерантлик ташаббуси бугунги кун учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган муҳим масалалардан биридир.

“Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасидаги асосий мавзулардан бири туркистонликларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари масаласи эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, 20 ёшга тўлган эркаклар ва хотин-қизлар сайловда иштирок этиши ғоясини илгари сурди. “Миллатнинг йигирма ёшиға етуб аҳлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсин, хотун бўлсун – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан – сайламак ва сайланмак ҳақина моликдур”, деб таъкидлади. 

Ушбу лойиҳада “Мулкий маҳкамалар” ташкил этиш бўйича ҳам асосли сабаблар келтирилиб, уларга кенг ваколатлар бериш лозимлиги қайд қилинган. Туркистоннинг иқтисодий асосларидан бири бўлган вақфлар ишларини ташкил этиш ва бошқариш масалалари лойиҳада алоҳида бўлимда белгилаб қўйилган.

Абдурауф Фитрат “Лойиҳа”сида бошқарув тартибнинг замон талабларига жавоб бермай қолгани, мамлакат халқининг оғир иқтисодий ва маънавий қолоқлигига сабаб бўлаётганини кўрсатган. “Ислоҳот лойиҳаси”га мувофиқ мамлакатдаги ички ва ташқи сиёсатни 10 вазирдан иборат Вазирлар кенгаши бошқариши, вазирлар бош вазир тавсиясига кўра амирдан олинган ёрлиқ асосида тайинланиши керак эди. Шу билан бирга Бухорода қатъий маъмурий бўлинишларни амалга ошириш, давлат томонидан маош билан таъминланадиган маҳаллий (бошланғич) ҳокимият тизимини барпо этиш, уларга бошчилик қилиши лозим бўлган оқсоқолларни халқ томонидан сайланиши лозимлиги каби масалалар ҳам олға сурилганди. Абдурауф Фитрат томонидан илгари сурилган ғоялар айниқса, маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини кенгайтириш ишлари юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилмоқда.

Дастурда ҳарбий тизимни тубдан ўзгартириш кераклиги таъкидланган. Шунингдек, фиқҳ (қонунчилик)га оид масалалар шариатга асосланган бўлиши ва адлия вазири айни вақтда қозикалон вазифасини ҳам ўташи лозим эди.

Дастурда қишлоқ хўжалиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, барча ҳайдаладиган ер майдонлари уч тоифага; вақф, мулк ва давлат ерларига бўлинган. Айни вақтда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўпайтириш, экин майдонларини кенгайтириш ва ерни ишлашда замонавий агротехник талабларга риоя этиш каби жуда долзарб масалалар кўтарилган. Абдурауф Фитрат амирликдаги сув танқислигини бартараф этиш учун Амударё сувидан хонликдаги қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштиришда фойдаланиш масаласини кўтариб чиққан. Ислоҳот лойиҳасида махсус қишлоқ хўжалик банки ташкил қилиниши ва у орқали деҳқонларга маълум даражада молиявий ёрдам кўрсатиб бориш ҳам таклиф қилинган. 

Дастурда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, фанлар ривожи ва янги усул мактаблари барпо этиш учун вақфлардан кенг фойдаланиш фикри илгари сурилган. 

Абдурауф Фитрат томонидан тайёрланган ислоҳот дастури, бутун Туркистон минтақасига хос бўлган асосий муаммоларни ўзида акс эттирди ва унинг ечимини тақдим этди. Аммо ушбу ҳужжат ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилмади, фақатгина кўп минг йиллик давлатчилик тарихимизнинг навбатдаги тараққиёт босқичи ҳақидаги муҳим қарашларни ўзида мужассамлаштирган ҳужжат сифатида бизгача етиб келди. 

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, жадид боболаримизнинг ҳуқуқий қарашлари, миллий давлатчилик асосларини барпо этишга оид саъй-ҳаракатлари ҳануз тўлиқ ўрганилмаган бўлиб, буни тадқиқ қилиш тарихчи, ҳуқуқшунос, иқтисодчи олимлар олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.