Қизлар маҳалланинг кўрки, безаги
БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 2012 йилдан буён дунёда 11 октябрь – Халқаро қизлар куни сифатида нишонланиб келинади.
БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан 2012 йилдан буён дунёда 11 октябрь – Халқаро қизлар куни сифатида нишонланиб келинади. Бу сананинг таъсис этилиши қизлар камситилишининг олдини олиш, уларнинг ижтимоий муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратишдек эзгу мақсадни кўзда тутади. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ҳар бир заковатли қиз – мамлакат устуни. Зеро, маърифатли, юксак ахлоққа эга қизларимиз сабаб жамиятимизда соғлом оилалар қурилмоқда, баркамол фарзандлар туғилиб, улғаймоқда. Етакчи аёллар сафи ҳам тобора кенгайиб бораётир.
Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи, Маданият, Жисмоний тарбия ва спорт, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар вазирликлари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида турли тадбирлар, анжуманлар, авлодлар учрашувлари, семинар-тренинглар, спорт мусобақалари уюштирилди.
“Қиз бор уйнинг файзи бўлак”, “Қизлар маҳалланинг кўрки, безаги” “Муваффақиятга эришиш сирлари” шиори остида “Авлодлар учрашуви”, “Қизларни оила қуришга тайёрлаш”, “Қариндошлик никоҳлари хамда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзуида маънавий-маърифий, маданий-тарғибот тадбирлари қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта ҳисса қўшди.
Шунингдек, жойларда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони соҳибалари, мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг турли юксак мукофотлари билан тақдирланган аёллар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, шоир ва ёзувчилар, маданият ходимлари, спортчилар, ёш тадбиркорлар, ҳунарманд қизлар ҳамда илмий тадқиқотчи ёш олималар ва бошқа фаол ёшлар билан ижодий учрашувлар ўтказилди. Ногирон қизлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўнгилларига байрам шукуҳи олиб кирилди.
Ўқувчи ҳамда талаба қизлар ўртасида “Қизларжон”, “Миллий либос – маънавиятимиз кўзгуси”, “Зулфия издошлари”, “Тўмарис издошлари”, “Ёр-ёр” ва “Алла” фестиваллари, танловлар ҳамда акциялар ҳам ташкил этилди.
Тарғибот тадбирларига қарийб 250 мингга яқин қиз қамраб олинди. Интернет тармоғининг ўзбек сегментида бу кунга бағишланган махсус хэштеглар ҳам уюштирилди.
Ор-номус, ҳаё, иффат, садоқат, меҳр ва муҳаббат тимсоли бўлган, ҳаётимизга гўзаллик, умримизга мазмун бағишлаб турган қизларимиз бор экан, хонадонларимиздан файз, тотувлик, кўнглимиздан хотиржамлик, қувонч ҳамда улуғвор орзулар асло аримайди.