Изланиш ва имконият самаралари
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “O’zMinda” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси “GM Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун 24 турдаги эҳтиёт қисмлар тайёрлашга ихтисослашган.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “O’zMinda” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси “GM Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун 24 турдаги эҳтиёт қисмлар тайёрлашга ихтисослашган.Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу иқтисодий зонада хорижий сармоядорлар иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар йилдан-йилга ортмоқда. Бунда хўжалик юритувчи субъектларга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмига қараб берилаётган солиқ имтиёзлари, тўлиқ экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида мамлакатимизга келтирилаётган асбоб-ускуналар, хомашё ва материаллар, бутловчи қисмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод қилиниши каби имтиёзлар муҳим омил бўлаётир.
“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида айни пайтга қадар қарийб 20 лойиҳа амалга оширилди. Ҳудудда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон сингари мамлакатлар сармоядорлари иштирокидаги қатор қўшма корхоналар томонидан автомобиллар учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида фойдаланиладиган кабеллар, турли гигиеник воситалар, рақамли телемосламалар ва бошқа экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
“O’zMinda” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасида “Cobalt”, “Nexia”, “Damas”, “Matiz”, “Gentra” русумли автомашиналарга спидометр, эшик дастаси, қулф, соат ва бошқа турдаги зарур деталлар тайёрланаётир. Ўтган йили корхонада 19 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди, 227 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
– Корхонанинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш мақсадида хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда, – дейди корхона бош директори Жасурбек Шаропов. – Натижада маҳсулот тури кенгайиб, экспорт ҳажми ортмоқда. Меҳнат қилаётган 90 га яқин ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
Бу ерда нафақат автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, балки турли спорт инвентарлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шахмат мусобақасида фойдаланиладиган электрон соат, секундомер ва спортчиларнинг вазнини ўлчаш учун электрон тарози тайёрланмоқда.
Ўтган йилнинг иккинчи ярмида корхона томонидан янги лойиҳа ўзлаштирилди. ”GM Uzbekistan” заводи автомобиллари учун янги авлод спидометрлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий эҳтиёт қисм автомобилларнинг тезлигини аниқлаб қолмасдан, компьютер ёрдамида ёқилғи сарфи, ташқаридаги ҳаво ҳароратини аниқлаш, шиналардаги босим мувозанатини мониторинг қилиш имкониятига эга. Корхонада Ўзбекистонда илк маротаба азот гази ёрдамида пластмасса қуйиш технологияси ўзлаштирилди. Бу янги моделлар учун эшик дасталарини шу ернинг ўзида тайёрлаш имкониятини бераётир.
– Истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган изланишлар яхши самара бермоқда, – дейди корхона бош муҳандиси Мирали Қиличев. – Т-250 маркали янги автомобиллар учун янги турдаги эшик дастаси ишлаб чиқариш линиясининг ўрнатилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.
ISO 9001:2008 халқаро сифат менежментига эга корхонада келгуси йилдан автомобиль салонини иситиш ва совутиш тизими бошқарув қурилмасини маҳаллийлаштириш устида иш олиб борилмоқда. Ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган микросхемаларни шу ернинг ўзида тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.
Корхонанинг экспорт географияси ҳам йилдан-йилга кенгаймоқда. Жорий йилда 350 минг долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.