Изланган ўқитувчининг маоши юқори бўлади
Бугун мамлакатимизда ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўз устида ишлаган, изланган ўқитувчи бугун минг доллар ва ундан ортиқ маош олмоқда.
Айни пайтда Бухоро вилояти умумтаълим мактабларидаги 29 934 нафар педагогларнинг 5 742 нафари, олий, 8 004 нафари, биринчи, 9 502 нафари, иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилардир. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида малака тоифасига эга ўқитувчилар салмоғи 69,9 фоиздан 77,7 фоизга ошди.


Ўқитувчиларнинг қарийб 4000 нафари халқаро ва миллий сертификатга эга. 118 нафар ўқитувчи Вазир жамғармаси устамаси учун ўтказилган танловда ғолибликни қўлга киритди. Бунинг натижасида айни кунда минг АҚШ доллари ва ундан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар сони 205 нафарни ташкил этмоқда.

– Чекка бир қишлоқнинг немис тили фани ўқитувчиси Германия давлатига бориб малака оширади, деб ким ўйлаганди. Бугун мен мана шу таълим даргоҳида ишлаб 1000 АҚШ долларидан ортиқ маош олмоқдаман. Ўзбек ўқитувчисининг обрўйи нафақат мактабда, балки қишлоқда, маҳаллада, туманда, вилоятда, республикада, ҳатто хорижда ҳам эътироф этилмоқда. Ўз устида ишлаган ўқитувчи 1000 АҚШ долларидан кўп маош олиши мумкин. Бунинг учун юртимизда барча имконият яратилган, – дейди тумандаги 1-умумтаълим мактаби немис тили фани ўқитувчиси Феруза Жўраева.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири